Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди
2017-09-23 | Жамият
Миробод туманидаги Шароф Рашидов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ва 110-мактаб ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга меҳнат фахрийлари, нуронийлар, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ўқувчилар таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жонажон диёримиз равнақига бетимсол ҳисса қўшган Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлашга доир ташаббуси халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда.
Ш.Рашидов Ўзбекистоннинг ривожи, халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилган инсон сифатида юртдошларимиз меҳрини қозонган. Унинг ижтимоий-иқтисодий соҳалар, таълим-тарбия, маърифат жабҳалари, айниқса, 1966 йил Тошкент зилзиласи оқибатларини бартараф этишдаги эзгу саъй-ҳаракатларини катта авлод вакиллари ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олади. Айни пайтда Шароф Рашидов ижодкор сифатида самарали фаолият кўрсатгани билан ҳам қадрлидир. Адиб асарларининг қаҳрамонлари ҳалол, фидойи, меҳнатсевар, камтаринлиги билан ўқувчида алоҳида таассурот қолдиради.
Тадбирда давлат арбоби ва ёзувчи ҳаёти, фаолияти хусусида сўз юритилди, хотираси ёд этилди.
Манба: ЎзА