Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё ўйинлари муваффақиятли бошланди
2017-09-19 | Спорт
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг дастлабки баҳсларида терма жамоамиз аъзолари 2 олтин, 3 кумуш ва 8 бронза медални қўлга киритди.
Туркман кураши бўйича ўтган баҳсларда 75 килограмм вазн тоифасида Илҳомжон Машрабов финалда туркманистонлик Ўрозмамет Велмамедовни мағлубиятга учратди.
90 килограммгача бўлган полвонлар ўртасидаги беллашувларда Обидали Мавлонов финал баҳсида Овозгелди Бердиевни йирик ҳисобда енгиб, терма жамоамиз ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.
Шунингдек, хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларда терма жамоамиз аъзоларидан Шаҳзода Эргашева, Гулхуморой Дадабоева ҳамда Гулмира Исматова финалга қадар барча рақибларини мағлубиятга учратиб, ўз вазн тоифаларида кумуш медалга сазовор бўлди.
Туркман кураши бўйича Исломжон Қўлдошев, Файзулла Умматов, Абдурасул Ҳабибуллаев, Шаҳобиддин Сангилов, Элдор Неъматов, Манзурой Мўйдинова, Дилафруз Мамаджонова, жу-житсу бўйича Суҳроб Усмонов ўз вазн тоифаларида бронза медалини қўлга киритди.
Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирча 13 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринда бормоқда.
Манба: ЎзА