Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси иш бошлади
2017-09-15 | Иқтисодиёт
Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Боиси 15 сентябрь куни бу ерда иш бошлаган кўргазма иштирокчилари халқимиз билан кўп асрлик қардошлик ва дўстлик ришталари билан боғланган бўлса, намойиш этилаётган маҳсулотлар биродар қозоқ халқининг кейинги чорак асрда қўлга киритган ютуқлари билан бевосита танишиш имкониятини тақдим этди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмасида қўшни мамлакатнинг автомобилсозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқларда фаолият кўрсатаётган элликка яқин компанияси маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.Отажонов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари кейинги пайтларда жадал ривожланиб бораётгани, бунда давлатларимиз раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар ижроси алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Жорий йил март ойида Остонада ўтказилган Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси ҳамда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси икки мамлакат ишбилармон доиралари учун муҳим бизнес майдончаси вазифасини ўтайди.
– Сўнгги ярим йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 35 фоиздан ошгани мамлакатларимиз савдо-иқтисодий алоқаларини янада фаоллаштириш учун етарлича имкониятга эга эканидан далолат беради, – дейди Қозоғистон Республикаси инвестиция ва тараққиёт вазири Женис Касимбек. – Жорий йилнинг охирига қадар товар айланмасини икки миллиард долларгача етказиш режалаштирилмоқда.
«AllurGroup» автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи миллий компанияси директорлар кенгаши раиси Андрей Лаврентьевнинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасида автомобилсозлик йўналишида ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилиши «GM Uzbekistan» автомобилларининг Қозоғистонда янада оммавийлашишига хизмат қилади.
Кўргазмада Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситалари кенг намойиш этилмоқда. Бир неча русумдаги «Peugeot», «Lada» бренди остида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар, «JAC» электромобиллари ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилган.
Таъкидлаш керакки, кўргазма Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар қозоғистонлик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотганини намойиш этди.
– Қозоғистон ва Ўзбекистон анъанавий савдо ҳамкорлар ҳисобланади, – дейди «Kazakh Invest» компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари Мейржан Майкенов. – Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда валюта бозорини либераллаштириш, импорт товарларга акциз солиқларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар, шубҳасиз, қозоғистонлик тадбиркорларни мамлакатингиз бизнес доиралари билан фаол ҳамкорликка ундайди.
– Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш йўналишида олиб бораётган тизимли ишлари бизга улкан имкониятлар яратмоқда, – дейди «Жасампаз» консорциуми кузатув кенгаши раиси Гулмира Уахитова. – Хусусан, консорциум атрофида бирлашган 30 га яқин корхона кийим-кечаклар ишлаб чиқиш учун ип-калава маҳсулотларини хориждан келтирмоқда. Мамлакатингиз раҳбарияти томонидан яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, эндликда биз мазкур хомашёни Ўзбекистондан харид қилишни режалаштирмоқдамиз.
Экспозициянинг алоҳида бўлимида Қозоғистон илмий-техник ишланмалари, илм-фанда эришилаётган ютуқлар, инновацион технологиялар намойиш этилмоқда. Улар орасида таълим ва тиббиёт йўналишида фаолият кўрсатаётган Назарбоев университети, Қозоғистон Республикаси Мудофаа ва аэрокосмик саноат вазирлиги, «Kazakhstan Engineering» компанияси стендлари кўпчиликнинг эътиборини жалб этмоқда.
Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ва ўзаро товар айланмасини 2020 йилгача 5 миллиард долларга кўтаришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг таркибий қисми сифатида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов қатнашди.
Манба: ЎзА