Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сув полоси мусобақасида терма жамоамиз кумуш медални қўлга киритди
2017-09-15 | Спорт
Пойтахтимизда сув спорти турлари бўйича ўтказилаётган IX Осиё чемпионатининг сув полоси бўйича қизлар ўртасидаги мусобақаси якунланди.
Чемпионатда Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой ва Япония қизлар терма жамоаси ўзаро ғолиблик учун куч синашди.
Ушбу баҳсларда терма жамоамиз дастлаб хитойлик тенгдошларини 8:5 ҳисобида енгган бўлса, Қозоғистон терма жамоаси билан 7:7 ҳисобида дуранг ўйнади. Мусобақанинг сўнгги учрашувида спортчиларимизга омад етишмади ва Япония терма жамоасига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси кумуш медаль билан тақдирланди. Қозоғистон терма жамоаси олтин, Хитой терма жамоаси эса бронза медалга сазовор бўлди.
– Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, шоҳсупага кўтарилганимиздан хурсандмиз, – дейди терма жамоамиз аъзоси Мадина Ҳафизова. – Мусобақанинг энг яхши ўйинчиси номига эришишимда мураббийларим ва жамоадошларимнинг ҳиссаси жуда катта. Келгусида нуфузли мусобақаларда янада юқори натижаларга эришиш учун бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз.
IX Осиё чемпионати синхрон сузиш мусобақасининг дастлабки кунида спортчиларимиз гуруҳ баҳсларининг "High light" йўналишида бронза медални қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА