Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Ўзэкспомарказ”да Марказий Осиёдаги энг йирик экспозиция намойиш этилмоқда

2017-09-14 | Иқтисодиёт

“Ўзэкспомарказ”да “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2017” ҳамда “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2017” халқаро кўргазмалари очилди.

Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, Савдо-саноат палатаси, “Осиё рамзи” Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси кўмагида ITE Uzbekistan халқаро кўргазма компанияси ва ITE компаниялари гуруҳи (Буюк Британия) томонидан ташкил этилди. 

Енгил саноат иқтисодиётимизнинг кўп тармоқли ва инновацион жиҳатдан жозибадор соҳасидир. Бугун мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни тузилмавий қайта ташкил этиш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тармоқда 900 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилган ҳолда 77 йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Йигирилган ипни бўяшни уч, трикотаж тасмасини бир ярим, тайёр матоларни икки, тўқув-трикотаж маҳсулотларни уч, пайпоқ маҳсулотларни икки маротабага ошириш орқали ишлаб чиқариш қувватларини ўстириш мўлжалланган. Лойиҳалар ижроси 40 мингдан ортиқ иш ўрни яратилишига замин яратади. 

“Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2017” ва “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2017” халқаро кўргазмалари иштирокчилари сафи ва географияси кенгайиб бораётгани мазкур форумни МДҲ ва Марказий Осиёдаги энг йирик экспозицияга айлантирмоқда. Жорий йилги кўргазмаларда Ўзбекистон, Австрия, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Испания, Италия, Қозоғистон, Хитой, Люксембург, Нидерландия, Россия, Руминия, АҚШ, Туркия, Франция, Чехия, Швейцария, Жанубий Корея, Япония сингари 22 давлатдан 350 дан ортиқ компания замонавий технологиялари ҳамда маҳсулотларини намойиш этмоқда. 

Дунё жамоатчилигининг мамлакатимиз енгил саноати тармоғида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан хабардорлигини ошириш билан бир қаторда мамлакатимиз тадбиркорлик субъектларининг таниқли хорижий компаниялар энг сўнгги технологиялари билан танишиш, етакчи чет эллик ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ҳамда тажриба алмашиш борасида қулай майдонга айланган “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME” экспозициялари иштирокчилар билан гавжум. Кўргазманинг йигирув ускуналари, калавалаш машиналари, тўқимачилик, тикув, бўяш ва пардозлаш ускуналари бўлимларида тўқув ускуналари, босиш машиналари, пайпоқ автоматлари, компрессорлар, тикув игналари, сифатни назорат қилиш тизимлари, тўқувчиликда қўлланиладиган кимёвий моддалар, бўёқлар сингари ишлаб чиқариш жараёни учун зарур жиҳоз ва ашёлар намойиш этилмоқда.

Жорий йилдаги кўргазмада Германиянинг “ZSK Stickmaschinen ABM” ва “Anlagenbau und Maschinentechnik Gmbh”, АҚШнинг “Navis Tubtex”, Ҳиндистоннинг “Elgi Ultra”, “Sabar Spinmatic”, Туркиянинг “Effe Makine”, “Ay Yildiz”, “Fuzyon”, “Inter Tekstil”, Россиянинг “Detel” каби 70 хорижий компанияси ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. 

Кўргазманинг анъанавий иштирокчилари бўлган италиялик ишбилармонларнинг сафи янада кенгайган. Италия ташқи савдо институти ҳамда Италия тўқимачилик машинасозлиги уюшмаси томонидан ташкил этилган Италия миллий стендида 17 компания вакиллари қатнашмоқда. 

– Мамлакатингизда ўтказилаётган тўқимачилик ускуналари ва технологиялари халқаро кўргазмасида мунтазам қатнашамиз, – дейди “Lonati SpA” компаниясининг минтақавий менежери И.Петрополакис (Италия). – Ўтган йиллар мобайнида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйдик ва қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширдик. Бу борада “Uztex” компаниялари гуруҳи йирик ҳамкоримиз ҳисобланади. Келгусида ҳам самарали ҳамкорлик қиламиз, деган умиддамиз. 

Кўргазмаларда Ўзбекистон компаниялари фаол қатнашмоқда. Бу эса хорижлик ишлаб чиқарувчиларнинг мамлакатимизга қизиқиши тобора ортаётгани, бозорда етакчи ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги соғлом рақобат кучайиб бораётгани билан боғлиқдир. 

– 2006 йилдан бери мамлакатимиз тадбиркорларига тўқимачилик саноати учун тикувчилик машиналари, асбоб-ускуналари ва эҳтиёт қисмлари етказиб бермоқдамиз, – дейди “Ertash” масъулияти чекланган жамияти вакили Тоҳир Ҳасанов. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида бугун тадбиркорларимизнинг дунё бозорларига чиқиш имкониятлари кенгайиб бораётгани, ишлаб чиқарувчилар сонининг ортаётгани замонавий технологияларга бўлган талабни янада оширмоқда. 

Павильонларда намойиш этилаётган технология ва маҳсулотларнинг аксарияти кўргазманинг доимий иштирокчилари томонидан тақдим этилган. Бу эса ҳар гал энг янги технологиялар ҳамда маҳсулотларни намойиш этаётган хорижий компанияларнинг мамлакатимиз бозоридаги иштирокини кенгайтиришдан манфаатдорлиги ортаётганини кўрсатади. 

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси тўқимачилик саноатида ҳам ўз аксини топмоқда, – дейди “Astas Juki” компаниясининг (Япония) Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Норбеков. – Бу ўринда ваколатхонамизнинг 12 йиллик фаолияти мобайнида маҳаллий тадбиркорларга 45 мингдан зиёд тикув машинаси етказиб берган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 7 мингдан ортганининг ўзиёқ пахта хомашёсидан қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган узоқни кўзлаган ислоҳотлар бўй кўрсатаётганидан далолат беради. 

Анъанага мувофиқ “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2017” кўргазмаси стендларида мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг экспортга мўлжалланган юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари кенг намойиш этилмоқда. Экспозицияда ички ва ташқи бозорларда ўзининг доимий мижозларига эга “Uztex Group”, “Osborn Textile”, “Alkim Tekstil”, “Biryuza Group”, “Urganch Bakhmal”, “Namangan Momiq Sochiqlari”, “Sedat Triko” сингари корхоналар қатнашмоқда. Улар калава, трикотаж полотноси, тайёр тикувчилик-трикотаж, пахмоқ буюмлар ва бошқа кўплаб маҳсулотларни намойиш этаётир. 

Қатнашчиларнинг фикрича, “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2017” ва “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2017” халқаро кўргазмалари музокаралар ўтказиш бўйича ўзига хос майдонга айланади ва амалий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон енгил саноатини янада ривожлантиришга хизмат қилади. 
 
Беҳзод Бозоров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться