Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тўқимачилик саноатига ихтисослашган халқаро кўргазмаларда 350 дан зиёд компания ва фирма ўз маҳсулотларини намойиш этади
2017-09-12 | Иқтисодиёт
Жорий йил 13-15 сентябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”да тўқимачилик саноатига ихтисослашган халқаро кўргазмаларда бўлиб ўтади.
«Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – “CAITME 2017” ҳамда “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2017” халқаро кўргазмалари текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги сўнгги ютуқлар намойиш этиладиган, тармоқда фаолият юритаётган фирма ва компаниялар вакиллари, соҳа мутахассислари, модельерлар фикр ва тажриба алмашадиган майдонга айланади. Бу ҳақда пойтахтимиздаги Hyatt Regency меҳмонхонасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити самарасида тўқимачилик саноати изчил ривожланиб, соҳада истиқболли инвестиция лойиҳаларининг салмоғи сезиларли даражада ортмоқда. Натижада енгил саноат тармоқларининг миллий иқтисодиётдаги улуши йил сайин юксалмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, “Осиё рамзи” Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси кўмагида “ITE-Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ва “ITE” компаниялари гуруҳи (Буюк Британия) томонидан ўтказилаётган “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2017” ва “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2017” халқаро кўргазмалари мамлакатимиз енгил саноати салоҳиятини кенгайтириш, дунёдаги етакчи компания ва фирмалар билан ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилги кўргазмаларда Ўзбекистон, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Италия, Испания, Австрия, Беларусь каби 20 дан ортиқ мамлакатдан 350 дан зиёд компания ва фирма ўз маҳсулотларини намойиш этади.
Бу йилги кўргазмаларнинг янгилиги – қатор хорижий компанияларнинг бўяш, пардозлаш, лаборатория ва бошқа ускуналари, матога ёрлиқ босиш технологиялари, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлари тақдим этилади.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга кўргазма ташкилотчиларидан жавоб олди.
Манба: ЎзА