Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Пойтахтимизда Ўзбекистон – Россия неврологлари биринчи форуми иш бошлади

2017-09-08 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган форум асаб касалликларини эрта аниқлаш, ташхис қўйиш ва уни даволаш усуллари, соҳада илғор технологиялардан фойдаланиш масалаларига бағишланган. 

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоев ва бошқалар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилаётганини, касалликлар профилактикаси ва даволашда дунёнинг илғор тиббий муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланаётгани ҳақида сўзлади. 

Ўзбекистон неврологлари асаб тизими билан боғлиқ барча турдаги хасталикларга тиббий ёрдам кўрсатаётир. Юқори малакали шифокорлар томонидан мураккаб операциялар ўтказилмоқда. Мазкур жараёнда янги технологияларнинг қўлланилаётгани даволаш самарадорлигини оширмоқда. 

Хорижнинг илғор клиникалари билан ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилаётгани Ўзбекистонда неврология соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, юртимиз шифокорларининг хорижлик ҳамкасблари билан доимий тажриба алмашиш орқали тиббиётдаги долзарб муаммолар ва уларни бартараф этишдаги замонавий ёндашувлардан хабардорлигини оширмоқда. 

– Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган янгиланишлар, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хусусан, ёш кадрлар малакасини ошириш, касалликни аниқлаш ва ташхис қўйишда янги технологияларни жорий этиш борасидаги ташаббусларга гувоҳ бўлдик, – дейди Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети профессори Анатолий Федин. – Мазкур форум икки давлат ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини янада фаоллаштириш имконини бермоқда, тиббиётнинг ушбу соҳасини ривожлантириш ва шифокорларнинг замонавий даволаш усулларидан хабардорлигини оширишга хизмат қилмоқда. 

Тадбирда Ўзбекистон, Россия ҳамда Украина шифокорлари иштирокида тақдимотлар ўтказилиб, йигирмадан ортиқ маърузалар тингланди. 

Ўзбекистон – Россия неврологлари биринчи форуми Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида хорижий давлатлардан келган етакчи олимлар иштирокидаги маҳорат дарслари тарзида давом этади. 
 

* * * 


Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Россия ва Ўзбекистоннинг йирик тиббиёт марказлари ўртасида, жумладан, А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги миллий илмий-амалий маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани маҳаллий шифокорлар учун мунтазам тажриба алмашиш имконини бермоқда. Бунинг натижасида маҳаллий мутахассислар юқори технологияга асосланган энг мураккаб кардиожарроҳлик амалиётларини муваффақиятли амалга ошириш имконига эга бўлишаётир. 

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига юрак-қон томири тизимида мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконини берадиган “каришстоз” ускунаси келтирилди. Германияда ишлаб чиқарилган ушбу аппарат МДҲ давлатларида ягона бўлиб, унда жарроҳлик амалиётини ўтказган бемор эртасигаёқ мустақил юриши мумкин. 

Ушбу ускуна ёрдамидаги биринчи жарроҳлик амалиёти Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ олимлари ҳамда Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги миллий илмий-амалий маркази профессори Игорь Сигаев ва профессор Баҳодир Собиров иштирокида туғма юрак нуқсони билан оғриган беморда ўтказилди. 

– Россиялик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда биринчи жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази кардиожарроҳлик бўлими бош жарроҳи Рустам Ёрбеков. – Қайд этиш керак, бундай мураккаб операциялар саноқли давлатларда ўтказилади. 

Шу куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ҳам бир гуруҳ россиялик мутахассислар томонидан урология соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболига бағишланган анжуман ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари иштирокида Навоий вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббий кўриклар бўлиб ўтди. 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться