Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатимиз аҳолисининг 70 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган
2017-09-07 | Жамият
Пойтахтимизда мамлакатимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган семинарда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодиёт комиссияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси вакиллари, халқаро экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари С.Сайдалиев ва бошқалар юртимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ичимлик суви таъминотини ривожлантириш бўйича муҳим дастурлар ва лойиҳаларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида шаҳар ва туманларда, жумладан, қишлоқ жойларда сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг 70 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори бу бораги ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда халқаро молия ташкилотларининг грантлари ва кредитларини жалб этиш ҳисобига ичимлик суви билан таъминланмаган кўпгина аҳоли пунктлари сифати ва хавфсизлиги бўйича замонавий талабларга мос келадиган сув билан таъминланмоқда.
БМТнинг Европа иқтисодиёт комиссияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан қабул қилинган Трансчегаравий сув ирмоқлари ва халқаро кўллар конвенциясидаги ичимлик суви ва саломатлик протоколи ҳам дунё аҳолисини тоза, сифатли ва чучук ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган йирик лойиҳалардан бири.
Семинарда мазкур протоколнинг мазмун-моҳияти, унга аъзо бўлишнинг ҳуқуқий асослари ва манфаатли имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
– Ўзбекистонда инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг соғлом яшаши учун қулай шароит яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси мутахассиси Энхцэцэг Шинээ. – Айниқса, аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борадаги халқаро ҳамкорлик эътиборга молик.
Семинарда мамлакатимизда кичик ҳажмдаги ичимлик суви таъминотидаги ишларни ташкиллаштириш ва сув сифатини яхшилаш борасида самарали усулларни кўриб чиқиш, қишлоқ аҳоли яшаш пунктларига тоза ичимлик суви етказиб беришга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Манба: ЎзА