Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЎзА мухбири Тошкентда давом этаётган II халқаро мева-сабзавот ярмаркаси иштирокчиларининг фикрлари билан қизиқди
2017-09-07 | Иқтисодиёт
Тошкентда давом этаётган II халқаро мева-сабзавот ярмаркасида АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия каби қирқдан ортиқ мамлакатдан қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган вазирлик ва идоралар, савдо-саноат палаталари, логистика компаниялари, мева-сабзавотчилик соҳасида фаолият юритувчи корхоналар вакиллари қатнашмоқда.
ЎзА мухбири ярмарка иштирокчиларининг фикрлари билан қизиқди.
Алес Вондрасек, «my-work.cz» корхонаси директори (Чехия):
– Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси юксак савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Ўзбекистонда аҳолини юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгилангани эътиборга молик.
Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришни режалаштирганмиз. Ўзбек заминида етиштирилган ўрик, қовун-тарвуз ва узумлар сифати ва хуштаъмлиги билан ажралиб туради. Мева-сабзавотларингиз инсон саломатлиги учун муҳим бўлган микроэлементлар ва турли фойдали биологик моддаларга бойлиги, сифати, рақобатбардошлиги, бетакрор мазаси билан бизга манзур бўлди. Мамлакатингиздаги қатор корхоналар фаолияти билан яқиндан танишмоқдамиз, ўзаро фойдали шартномалар имзолаш ниятидамиз.
Марк Волмаранс, «Ашвак» компанияси бош менежери (Бирлашган Араб Амирликлари):
– Ўзбекистонда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ҳам изчил ривожланмоқда. Хусусан, мамлакатингиз мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди.
Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига Бирлашган Араб Амирликларида талаб юқори. Компаниямиз ўтган йили гилос харид қилди. Мазкур ярмаркада эса Наманган вилояти фермерлари билан сабзавотлар ва кўкатлар сотиб олиш бўйича шартнома имзолаш юзасидан музокаралар олиб бораяпмиз. Бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.
Расул Зарикеев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи:
– Қорақалпоғистон Республикасидаги юздан зиёд экспортчи корхона ярмаркада кўплаб турдаги маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Улар жорий йилнинг ўтган даврида Ҳиндистон, Германия, Эрон, Россия каби давлатларга қовун, олма, ўрик, қизил ширинмия, мош ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилди.
Жорий йилда беш мингдан зиёд фермер хўжалигида 350 минг тоннадан ортиқ сабзавот, 180 минг тонна картошка, 182 минг тонна полиз экинлари, 12,9 минг тонна узум етиштирилди. Ярмаркада янги ҳамкорлар топиш ва халқаро ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш борасида келишувларга эришиш бўйича музокаралар олиб бораяпмиз.
Абдумутал Сулаймонов, Андижон вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи:
– Мамлакатимизда йилдан-йилга мева-сабзавот етиштириш кўпайиб, унинг экспорти учун қулай имкониятлар яратилмоқда. Бугунги ярмарка ана шундай ғамхўрликнинг ифодасидир. Вилоятимизда 28,5 минг гектар мевали боғлар бор. Етиштирилган меванинг ярмидан кўпи қайта ишланмоқда. Жорий йилда ёнғоқзорларни кўпайтириш мақсадида янги плантациялар ташкил этдик. Куз ва баҳорда бу ишлар давом эттирилади.
Бу йил фермерларимиз ўтган йилги тажрибадан келиб чиққан ҳолда, ярмаркада янада кўпроқ турдаги маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Қайта ишланган ва экспортга йўналтирилган хилма-хил маҳсулотлардан намуналар олиб келдик. Масалан, помидорнинг “черри” тури ташқи кўриниши, бошқа навларга нисбатан мазали экани ва саноатбоплиги билан хорижликлар эътиборини тортмоқда, “оқ дур” навли пиёз кўпчиликка манзур бўлаётир. Бу йил янги экин – хорижда талаб юқори бўлган айсберг салатини катта майдонларга экдик. Ярмарка доирасида кўплаб шартномалар имзолаш, мамлакатимиз экспорти ҳажмини оширишга муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз.
Манба: ЎзА