Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жорий йилнинг биринчи ярмида Жиззах вилоятида 2 янги меҳмонхона, 2 санаторий, 10 дан ортиқ уй-меҳмонхоналар ишга туширилди

2017-09-04 | Туризм

Бугунги кунда туризм аксарият мамлакатларда миллий иқтисодиётга салмоқли даромад келтирувчи соҳалардан бири ҳисобланади. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, мазкур соҳа даромади йилига бир неча триллион долларни ташкил этади.

Туризм ва туристик хизматлар тобора ривожланиб бориши натижасида сўнгги йилларда унинг бир неча ноанъанавий турлари – экотуризм, агротуризм, археологик, этнографик, экстремал шароитлар туризми ва бошқалар шакллана бошладики, бугунги кунда ушбу йўналишлар мутахассислар томонидан тез тараққий қилаётган соҳалар сифатида эътироф этилмоқда. Айниқса, сайёҳликнинг энг истиқболли турларидан бири – экотуризм жадал ривожланмоқда. 

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Жиззах вилоятида ҳам туризм, айниқса, экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2016 йили вилоятга 23 мингдан ортиқ маҳаллий ва 4 мингдан зиёд хорижлик сайёҳлар ташриф буюрган. Жорий йилнинг биринчи ярмида хорижлик сайёҳлар сони 3 мингдан ошди. Уларнинг аксарияти табиат ишқибозлари – экотуристлардир. 

Экотуризм бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, катта харажат талаб этмайдиган, аммо яхши даромад келтирадиган бизнес экани маълум. Бизнеснинг бу турини ривожлантиришда Туркистон тоғ тизмалари бағрида жойлашган Зомин, Бахмал, Фориш, Ғаллаорол туманлари, Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида кенг имкониятлар мавжуд. 

– Экотуризм жаҳон миқёсида сайёҳликнинг энг жозибадор турига айланиб бораётир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Жиззах вилоятидаги вакили Л.Санаева. – Экосайёҳлар оқимининг кўпайиши қишлоқ ҳудудлари аҳолиси фаровонлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айнан шу жиҳат ҳисобга олиниб, вилоятда 2017-2021 йилларда туризмни ривожлантириш дастурида замонавий экотуризм инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу дастур асосида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 2 янги меҳмонхона, 2 санаторий, 10 дан ортиқ уй-меҳмонхоналар ишга туширилди. Янги туристик йўналишлар очилмоқда. 

Бой наботот ва ҳайвонот дунёси, хушманзара арчазор тоғлари билан машҳур Зомин туманига хорижлик сайёҳларнинг қизиқиши катта. Туркистон тоғ тизмалари бағридаги ноёб экотизимга эга бўлган "Зомин" халқ парки, "Зомин" қўриқхонаси, Зомин давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ёввойи ўсимликларнинг 700 дан зиёд тури, кам учрайдиган ва ноёб ёввойи ҳайвонларнинг 150 тури мавжуд. Ўриклисой шаршараси, 1000 ёшли Бобоёнғоқ каби табиат ёдгорликлари нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Қадимий тарихий манбаларда тилга олинган Зоминда халқимизнинг узоқ ўтмиши билан боғлиқ кўплаб ёдгорликлар сақланиб қолган. Туманда сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида янги иншоотлар, хизмат кўрсатиш тармоқлари барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Зомин дам олиш зонасида 370 ва 160 ўринли 2 янги санаторий қурилиб, ишга туширилди. Ҳудуддаги Ўриклисой, Ҳулкар, Усмонлисой, Пешағор қишлоқларида сайёҳлар учун уй-меҳмонхоналар фаолият юритмоқда. Яқинда туманда яна иккита шундай уй-меҳмонхона фаолият бошлади. 

Фориш туманининг мусаффо тоғ суви, ям-яшил боғлари, экологик тоза мевалари сайёҳларни ўзига ром этмоқда. Уйда тайёрланаётган тандир нон, қатиқ, айрон, қимиз, сарёғ каби ҳудудга хос миллий маҳсулотлар хорижликларга манзур бўлаётир. 

Туманда ўндан зиёд уй-меҳмонхона сайёҳлар хизматида. Жорий йилда яна иккита шундай меҳмонхона ишга туширилди. Тегишли сертификатга эга уйларда хорижлик меҳмонлар талабига жавоб берадиган барча шароит яратилган. 

Юқори Ухум қишлоғида пештоқига “Guest house” деган лавҳа ёзилган уй-меҳмонхона Шариповлар оиласига тегишли. Хонадон соҳиби Раҳмон турмуш ўртоғи Нигина билан хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан бирга, ўзлари ҳам яхшигина даромад қилмоқда. 

– Тошкент, Самарқанд шаҳарларида бўлдим, – дейди англиялик сайёҳ Чарли Томас. – Қишлоқ ҳаётини яхши кўраман. Бу ерда барча нарсанинг табиийлиги менга ёқди. Раҳмон ва унинг оиласининг меҳмондўстлигидан мамнунман. Ўзбекистон ажойиб юрт экан. Айниқса, халқингизнинг турмуш тарзи менда жуда катта таассурот қолдирди. Бундай табиийликни бошқа ҳудудларда учратиш қийин. 

Ухум, Асраф, Кўҳна Фориш қишлоқларида ҳам барча қулайликларга эга 9 шундай уй-меҳмонхона фаолият юритмоқда. Улар ҳудуд табиати билан танишиш мақсадида келган сайёҳлар яшаши учун жуда қулай. 

Қизилқум чўли ва Нурота тоғ тизмалари оралиғида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизими юртимиз ҳайвонат ва наботот оламининг ноёб турларини сақлаб келаётган табиий ҳудудлардан бири сифатида экотуризм манзиллари рўйхатида алоҳида ўрин тутади. 

Кўл соҳилида, Фориш тумани Қизилқум қишлоғида қуриб битказилган 20 ўринли кемпингда сайёҳларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани ҳудудда экотуризмни ривожлантиришдаги муҳим ишлардан бири бўлди. Кемпинглар ёнида яна шунча сайёҳ дам олишига мўлжалланган ўтов-меҳмонхоналар ишлаб турибди. Ушбу сайёҳлик масканларида дам олиб, Қизилқумнинг ўзига хос табиати билан танишиш, ов билан шуғулланиш учун барча шароит яратилган. 

“Охus traver” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган 1 минг 250 гектарлик, "Эгизбулоқ" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Жиззахтоғконкимё” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 573 гектарлик дам олиш масканларида ҳам сайёҳлар ва ов ишқибозлари учун барча қулайлик яратилган. 

Бу ишларни ҳудудда экотуризмни ривожлантириш борасидаги дастлабки қадамлар, дейиш мумкин. Тадбиркорлар мамлакатимизнинг етакчи туроператорлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Лойиҳаларда туристик манзилларни кенгайтириш, сайёҳларга хизмат кўрсатишни ташкил этишдан тортиб атроф-муҳитни муҳофаза қилишгача қамраб олинаётир. Лойиҳалар доирасида семинар ўтказилиб, гидлар, уй-меҳмонхоналар соҳибларининг ўқишлари ташкил этилмоқда. 

Экосайёҳлик нафақат табиат қўйнида сайр қилиш, айни пайтда маҳаллий аҳоли, унинг турмуш тарзи билан танишиш имконияти ҳамдир. Бинобарин, бу йўналишдаги лойиҳалар орасида табиатни муҳофаза қилиш, маҳаллий аҳоли турмуши, урф-одат ва анъаналарини, оғзаки ижоди намуналарини ўрганиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш асосий мақсад сифатида амалга оширилмоқда. Аҳоли фаол иштирок этаётган бу ишларнинг муҳим жиҳати – жойларда аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилаётганидир.

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться