Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Бухорода бўлди

2017-08-30 | Жамият

Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали ва “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” халқаро илмий анжуманида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талеб Рифаи 29 август куни Бухоро шаҳрида бўлди. 

Мамлакатимизда миллий иқтисодиётни ривожлантириш, бой тарихий ва маданий меросимизни жаҳонга кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган туризмни равнақ топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. 2014 йил октябрь ойида Самарқандда ушбу халқаро ташкилот Ижроия кенгашининг 99-сессияси муваффақиятли ўтказилгани сайёҳлик соҳасида интеграцияни кенгайтириш, янги режалар ишлаб чиқиш, дунёнинг етакчи туристик компания ва фирмалари билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Нуфузли маданий тадбирлар мазкур тармоқ ривожи ва дунё халқларининг маданият соҳасидаги амалий мулоқотида муҳим робитадир. Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали ва “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” халқаро анжумани шу жиҳатдан аҳамиятли бўлди. Ушбу тадбирларда қатор халқаро ташкилотлардан юқори мартабали меҳмонлар, жумладан, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талеб Рифаи ҳам иштирок этди. Бу жорий йилги анжуман алоҳида мазмун ва аҳамиятга эга бўлгани, унинг нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради. 

Нуфузли меҳмоннинг Бухоро шаҳрига ташрифи чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизнинг сайёҳлик соҳасидаги имкониятларини юксалтириш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ошириш, истиқболли сайёҳлик йўналишлари, янги туристик хизмат ва маҳсулотларни кўпайтириш орқали юртимизга хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади. 

– Ўзбекистон – ноёб сайёҳлик имкониятига эга мамлакат. Бу галги ташрифим юртингиз мустақиллигининг 26 йиллиги, «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали ва нуфузли анжуманга тўғри келганидан ғоят мамнунман, – дейди Талеб Рифаи. – Сафарим давомида Бухорони томоша қилишни ният қилган эдим. Ушбу шаҳарга ташрифимнинг эсда қоларли жиҳатларидан бири Самарқанддан тезюрар “Afrosiуob” электропоездида келганим бўлди. Мазкур поезд қатнови бир йил муқаддам йўлга қўйилган экан. Қулай, хавфсиз, экологик тоза бу транспорт цивилизация ўчоқлари сифатида тарих саҳифаларидан муносиб ўрин олган бир неча қадимий шаҳарларингиз билан танишиш учун келган сайёҳларга вақтни тежаш учун катта имкониятдир. Мен йўл бўйи кўрк очиб бораётган шаҳару обод масканларни, келажагига катта ишонч билан яшаётган халқингиз турмушини кузатдим. Буларнинг ҳаммаси ажойиб! Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сайёҳликни янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан руҳландим. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти давлатингиз томонидан ушбу йўналишда ишлаб чиқилган дастур ва лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлаш билан бирга, уларда иштирок этади. 

Бош котиб Бухородаги меъморий обидалар ва диққатга сазовор жойларни томоша қилди. Меҳмонга вилоятда туризмни ривожлантириш борасида жорий ва истиқболга мўлжалланган лойиҳалар тўғрисида сўзлаб берилди.

 

Эркин Ёдгоров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться