Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенаторлар долзарб қонунларни қабул қилмоқда
2017-08-24 | Сиёсат
Аввал хабар қилганимиздек, бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Сенаторлар ўз ишини “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошлади. Мазкур қонун мамлакатимизда қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқатилишини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига етказишнинг самарали механизмларини йўлга қўйишни назарда тутади.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини тасдиқлади. Таъкидланганидек, мазкур қонун болаларни бузғунчи, уларнинг руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, соғлигига зарар етказувчи ахборотлар тарқатилишни чеклашни таъминлайди.
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Мазкур қонун тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шунингдек, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали мулоқотни мустаҳкамлаш, ишбилармон доира вакиллари фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатларига барҳам бериш имкониятини яратади.
Шунингдек, ялпи мажлис иш кунининг биринчи ярмида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама этилди ва сенаторлар томонидан тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси давом этмоқда.
Манба: ЎзА