Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Президенти соҳа олдига қўйган устувор вазифаларни амалга оширилиши муҳокама қилинди

2017-08-24 | Технологиялар

22 август куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2017 йилда соҳа олдида турган устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижроси муҳокама қилинди. Ҳайъат йиғилишида вазирликнинг ҳудудий бошқарма ҳамда тизимдаги муассасаларнинг жойлардаги бўлинмалари видеоконференцалоқа ёрдамида қамраб олинди. Кун тартибига кўра, йиғилишда 5 та муҳим масала кўриб чиқилди.

Биринчи масала сифатида халқаро рейтинглар асосида мамлакатнинг телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантиришнинг қуйидаги чоралари белгилаб олинди. 
- қисқа муддатда алоқа билан етиб бормаган ҳудудларни, шунингдек аҳоли пунктларини бир-бири билан боғлайдиган магистрал автомобиль йўллари ва темирйўлларни мобил алоқа билан қамраб олиш; 
- симли кенг полосали интернет абонентларига IP технологияси асосида кўрсатиладиган хизматлар сонини ошириш;
- республика миқёсида телефония хизматлари учун ягона тариф хизматларини жорий қилиш, шунингдек янгидан қурилаётган ва капитал таъмирдан чиқарилаётган ишлаб чиқариш ва турар-жой биноларини лойиҳалаштириш ҳамда қурилиш жараёнида уларни телекоммуникация тармоқларига уланишини ҳисобга олиш чораларини кўриш; 
- республикадаги йирик аҳоли пунктларининг 4G ҳамда Wi-Fi тармоқлари қамровини кенгайтиришни тезлаштириш; 
Бу борада "Ўзбектелеком” компаниясига халқаро телекоммуникация тармоқларига уланиш бўйича тезликни оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, шу билан бирга кенг полосали портлар сонини 1,5 млн донага кўпайтириш, Халқаро пакетли коммутация маркази ўтказувчанлигини кенгайтириш ҳамда интернет-хизматлари нархларини арзонлаштириш вазифалари юклатилди.

Иккинчи масала сифатида АКТ соҳасида таълим жараёнини яхшилаш мавзуси муҳокама қилинди. Бугунги АКТ саноати эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таълимий дастур ва ўқитиш тизимларини ишлаб чиқишнинг аҳамияти таъкидланди. Бу йўналишда «UNITEL» МЧЖ томонидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида таълим жараёнини қўллаб-қувватлашга бағишланган ҳаракатлар режаси тақдим этилди ва қуйидаги мақсадли ҳаракатларни амалга ошириш қабул қабул қилинди: 
- VimpelCom Ltd., холдинг компанияси билан таълим соҳасида. АКТ саноати ва телекоммуникация бозори учун кадрлар тайёрлаш йўналишида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан англашув Меморандумининг лойиҳасини тайёрлаш; 
- Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини 2021 йилга қадар жаҳоннинг энг илғор университетлари «мингталиги»га киритиш учун хорижий етакчи университетларнинг етакчи экспертларини ТАТУ га жалб қилиш бўйича “йўл харитаси“ни ишлаб чиқиш;
- амалий дарс машғулотларини ташкил қилишга мўлжалланган инновацион смарт-марказлар ва лабораторияларни яратиш, ёшларнинг стартап-лойиҳаларини амалга ошириш, жаҳоннинг етакчи компанияларидан ИТ-экспертларнинг маърузаларини ташкил қилиш.

Кун тартибига кўра, навбатдаги масала сифатида «Ўзбекистон почтаси» АЖ раҳбариятининг жамиятнинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш бўйича ҳисоботи тингланди. Муҳокамаларда тақдимотда “фаолиятни халқаро тажриба асосида янгича шаклга ўзгартириш“га оид режаларнинг пухта эмаслиги айтилиб, қуйидаги ишларни амалга ошириш юклатилди: 
- халқаро почта алоқасининг бугунги ривожланиш йўналишларини яқиндан ўрганган ҳолда, «Ўзбекистон почтаси» АЖ фаолиятини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш;
- зарур чоралар ёрдамида, жумладан йирик инвестицион лойиҳалар асосида жамиятни аҳолига бугун талаб юқори бўлган хизматларни кўрсатувчи замонавий компанияга айлантириш, янги почта хизматларини, хусусан электрон тижорат хизматларини жорий қилиш.

Ҳайъат йиғилишида давлат органларида ижро-интизомини назорат қилувчи Ягона идоралараро электрон тизимини жорий қилиш бўйича лойиҳанинг амалга оширилиши тўртинчи масала сифатида муҳокама қилинди. Унга кўра: 
- давлат органларида ижро-интизомини назорат қилувчи Ягона идоралараро электрон тизимини тўлиқ ишга туширишни тезлаштириш;
- тизимнинг мамлакатимизда мавжуд меъёрий-ҳуқуқий асосларга мувофиқлигини ўрганиш; 
- давлат органларининг, асосан жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимият органларининг бу тизимга техник тайёрлиги, шунингдек кадрларнинг ундан фойдаланиш бўйича кўникмаларини ўрганиш; 
- ҳар бир раҳбар ва давлат органи ходимининг кундалик фаолиятини мазкур тизим асосида ташкил қилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг давлат органларига юклатилган вазифаларининг ижроси устидан реал вақт режимида мониторинг ўрнатилишини кучайтириш чораларини кўриш бўйича қарорлар қабул қилинди.

Йиғилишда сўнгги масала сифатида "Хавфсиз шаҳар” аппарат-дастурий таъминот комплексини яратишнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. "Хавфсиз шаҳар” комплексини яратиш бўйича ИИВ ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда таклифларни кўриб чиқишни тезлаштириш вазифаси берилди. 
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ҳуқуқбузарликлар бўйича маълумотларни марказлашган ҳолда тўплаш ва таҳлил қилиш, муайян ҳудуд миқёсида ҳолатни мониторинг қилиш, тезкор чақириқ ва фавқулодда вазиятларда кучларнинг тезкор қаршилигини ташкил қилиш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизлик даражасини сезиларли даражада ошишига хизмат қилади. Шунингдек, видео-кузатув тизимига асосланган ҳолда, истиқболда барча фавқулодда хизматлар ягона «112» рақамига ўтказилиши қайд этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Халқаро киберхавфсизлик индексидаги ўрнини кўтариш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар иштирокида чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Соҳадаги ҳар бир раҳбар эътибори Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқ ҳамда вазифаларини самарали ва натижадор қилиб амалга ошириш, шунингдек ижро-интизомини оширишга қаратилди.

Кун тартибида кўтарилган масала ва муҳокамалар юзасидан ҳайъат йиғилишининг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги

Поделиться