Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Игорь Шувалов: Ўзбекистон иқтисодиёти улкан имкониятларга эга
2017-08-24 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик кенг кўлам касб этган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи барча соҳалардаги алоқаларни янги босқичга кўтарди. Ўзаро ташрифлар фаоллашди.
Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Игорь Шувалов мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилган учрашувлар ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Мамлакатларимиз Президентлари ўртасида дўстона муносабатлар қарор топган. Россия Федерацияси ҳукуматига Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли барча лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш бўйича кўрсатма берилган.
Яқинда мен Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссиясининг Россия томонидан раиси этиб тайинландим. Буни жуда муҳим ва масъулиятли вазифа, деб биламан. Чунки Ўзбекистон буюк тарих ва улкан иқтисодий салоҳиятга эга, Марказий Осиёдаги йирик мамлакат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда мамлакатларимиз учун бирдек манфаатли, истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш масалаларига эътибор қаратилди. Ўзбекистон, Россия, Жанубий Корея, Хитой каби мамлакатлар иштирокидаги кооперацион лойиҳалар ҳам бизда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Экспорт ҳажмини ошириш учун темир йўллардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари Россия бозорига етказиб берилмоқда. Биз Россияда ушбу маҳсулотларга бўлган талаб юқорилигини инобатга олган ҳолда мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятидамиз. Бунинг учун экспортчи корхоналарга кенг имконият бериш, божхона ва фитосанитария хизматлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, фан-таълим йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Ташриф давомида Тошкентнинг қадимий, айни пайтда замонавий бозорларидан бирида бўлдик. Ўзбекистонда бозорлар фақат савдо мажмуаси эмас, улкан маданият маскани ҳамдир. Россияда ҳам шундай бозорлар ташкил этишни истардик.
Манба: ЎзА