Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини амалга оширишнинг замонавий шакл ва услубларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
2017-08-23 | Ҳужжатлар
2017 йил 23 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3237-сон қарори
Ўтган йилларда электрон аукцион савдоларини ташкил этиш орқали давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун уларни такомиллаштириш чоралари кўрилди.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) хариди бўйича идоралараро тендер комиссиялари, шунингдек, лойиҳа ташкилотлари томонидан тайёрланган тендер ва лойиҳаолди ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ихтисослашган тармоқ эксперт кенгашлари ташкил этилди.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, давлат ва корпоратив харидларнинг ҳамда тендер савдоларини ташкил этишнинг амалдаги тартиби замонавий талабларга жавоб бермайди, турли хил коррупция кўринишлари учун шароит яратадиган кўплаб келишиш жараёнлари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомиллар ва сансалорлик ҳолатларининг мавжудлиги сабабли жуда мураккаб ҳисобланади.
Хусусан, идоралараро тендер комиссиялари баённомаларини келишиш ва тасдиқлашни ўз ичига олувчи тендер жараёнларининг айрим ҳолларда олти ойгача чўзилиши кузатилмоқда, бу эса лойиҳалар, шу жумладан, хорижий ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар амалга оширилишининг кечиктирилишига ҳамда тармоқ жадвалларининг бузилишига олиб келмоқда.
Нарх-навони манипуляция қилиш, товарларнинг сифати, тавсифи ҳақидаги маълумотларни бузиб кўрсатиш ва электрон савдода тузилган битимлар бўйича товарларни етказиб бермаслик ҳолатлари кўплаб мавжуд.
Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари тизимини тубдан такомиллаштириш, ушбу соҳада суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора- тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5120-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш доирасида Ресурслар ягона миллий маълумотномаси ва Давлат харидлари ягона ахборот порталини яратиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:
иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган, битта контракт бўйича 5 млн. АҚШ долларидан юқори эквивалентдаги инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар (ишлар, хизматлар)нинг хариди юзасидан тармоқ идоралараро тендер комиссияларини тугатиш;
лойиҳа ташкилотлари томонидан тайёрланган тендер ва лойиҳаолди ҳужжатларини таклиф этилаётган технология ва асбоб-ускуналар бўйича технология, асбоб-ускуналарни танлаш ва нархларни шакллантириш қисмида экспертизадан ўтказиш функциясини бажарадиган ихтисослашган тармоқ эксперт кенгашларини тугатиш;
битта контракт бўйича 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача эквивалентдаги товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини Ўзбекистон Республика товар хом-ашё биржаси томонидан ташкиллаштириладиган электрон савдолар орқали амалга оширишга оид талабни бекор қилиш.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2018 йил 1 январга қадар товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари қуйидаги эквивалентларга мувофиқ, яъни:
1 минг АҚШ долларидан кам бўлган битта контракт - нархи, сифати ва товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш муддатлари бўйича энг мақбул келадиган шартларни таклиф қилган етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали;
1 мингдан 100 минг АҚШ долларигача бўлган битта контракт - буюртмачи тузадиган идоравий танлов комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали;
100 минг АҚШ долларидан юқори миқдордаги битта контракт - буюртмачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти, шунингдек, буюртмачининг тармоқ илмий-техник кенгашларининг вакилларини мажбурий жалб этган ҳолда тузиладиган идоралараро танлов (тендер) комиссиялари ташкил этадиган танлов (тендер) савдоларини ўтказиш орқали амалга оширилади. Мазкур харидлар бўйича техник шартлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилган бўлиши шарт.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар танлов (тендер) комиссиялари таркибларини ва тегишли тартиб-таомилларни ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.
Буюртмачиларнинг раҳбарлари давлат ва корпоратив харидларни амалга ошириш тартибига риоя қилмаганлиги, шу жумладан, харид қилишнинг мақсадга мувофиқлиги учун жиноий жавобгарликка тортишгача қадар шахсий жавобгар ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат ва корпоратив харидларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
Ресурслар ягона миллий маълумотномаси ва Давлат харидлари ягона ахборот портали яратилиши ҳамда 2018 йил 1 январдан ишга туширилишини таъминласин;
бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин:
давлат (корпоратив) харидларни рақобат асосида амалга оширишнинг шаффоф ва очиқ механизмини, ушбу соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни;
давлат (корпоратив) харидларга тадбиркорлик субъектлари кенг жалб қилинишини;
давлат (корпоратив) харидлар иштирокчилари учун шикоят қилишнинг мустақил ва самарали тизими ҳамда тартиб-таомилларини яратишни;
электрон харидларни янада ривожлантириш, натижаларини таҳлил қилиш учун маълумотлар ягона базасини, харидларнинг зарур параметрларини ташкил этишни.
6. Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти