Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бизнес омбудсман–тадбиркорнинг ишончли ҳимоячиси
2017-08-23 | Иқтисодиёт
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 24 августда бошланадиган ўн биринчи ялпи мажлиси олдидан Сенат қўмиталари йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг ялпи мажлисига 26 масала киритилган. Шундан 10 таси қонун ҳужжатлари билан боғлиқ бўлиб, унинг 6 таси янги қонундир.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни моҳияти ва қўмита ваколатлари доирасидаги бошқа масалалар кўриб чиқилди.
– Мамлакатимизда 525 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда, – дейди сенатор Турғун Искандаров. – Ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётир. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 78 фоиздан ортиғи мазкур секторда иш билан таъминланган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бизнес муҳитининг янги самарали тизимини яратишга эътибор қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 майдаги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти таъсис этилди. Мазкур фармонга мувофиқ ишлаб чиқилган янги қонунда Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари қамраб олинган. Эътиборли жиҳати, мазкур институт мансабдор шахсларга тобе бўлмаган ҳолда фаолият юритади. Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратади.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва Экология қўмиталари йиғилишларида ҳам қўмиталар ваколатлари доирасидаги масалалар кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА