Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон аҳолиси 32 миллион 345 минг кишидан ошди
2017-08-18 | Жамият
Жорий йил 1 июль ҳолатидаги дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси 32 миллион 345 минг кишини ташкил этган. Статистик таҳлиллар мамлакатимиз аҳолиси ҳар йили ўртача 450-500 мингга кўпаяётганини кўрсатмоқда. 2016/2017 ўқув йилида 478,4 минг йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини тамомлаган.
Бу маълумотлар Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтилди. Унда қўмита масъул ходимлари журналистларга тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қарорда статистик маълумотларни тўплаш, сақлаш ва уларга таҳлилий ёндашишга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, соҳани ривожлантиришда хорижий мамлакатлар ва халқаро илғор тажрибалардан самарали фойдаланиш каби бир қатор муҳим вазифалар белгиланган.
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, таҳлилий маълумотлар базасини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар қўмитанинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилмоқда, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинмоқда.
Бугунги кунда Давлат статистика қўмитасининг барча бўлинмаларида локал ҳисоблаш тармоқлари фаолият юритади. Статистик ахборотларни қайта ишлашда дастурий таъминот тизими жорий этилган. Ўтган давр мобайнида қўмитанинг шаҳар ва туман бўлимларини ахборот тармоқларига улаш ва модернизациялаш ишлари муваффақиятли амалга оширилди. Ҳудудий статистика бошқармаларида АКТни ривожлантириш ишларини амалга оширувчи Дастурий техник таъминоти ва маълумотларни сақлаш марказлари ташкил этилди. 2011 йилдан электрон шаклда статистика ҳисоботларини йиғишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими фаолият кўрсатмоқда.
Қўмита масъуллари бу борадаги ишлар келгусида ҳам тизимли давом эттирилиб, фаолият самарадорлигини оширишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилди.
Манба: ЎзА