Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Маҳорат, матонат ва рағбат

2017-08-14 | Жамият

Мана 2017 йилнинг 6 августидан 10 августига қадар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг «Чимён» ва «Чорвоқ» дам олиш масканлари ҳудудида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги Қутқарув отрядлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказилган Қутқарувчилар республика кўпкураш мусобақаси ўз якунига етди.

Беллашувларда жами 22 та жамоа 4 йўналишда 10 та амалий босқични босиб ўтди. Бунда улар табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш, сувда қидирув-қутқарув ишлари бўйича билим-малакаларини синовдан ўтказдилар.

Мусобақа босқичларига кўра, қутқарувчилар йўл-транспорт ҳодисасини бартараф этиб, табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар натижасида вайрон бўлган бинода ва кимёвий зарарланган ҳудудда қидирув-қутқарув ишларини олиб бордилар. Бу жараёнда улардаги тезкорлик ва чапдастлик барчани ҳайрон қолдирган бўлса, тоғ ёнбағирларида бажарилган амалий ҳаракатлар бундан ҳам ҳайратланарли бўлди.

Халоскорлар қутқарув асбоб-анжомларидан унумли ва сифатли фойдаланган ҳолда «Чимён» тоғларининг баланд чўққиларига кўтарилдилар, компас ва хариталар ёрдамида навбатдаги ўқув нуқталарини топдилар, юқоридан қиялик ва жарликларга тушиб, жабрланганларни излаб топдилар ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатдилар. Жабрланганларни тоғ ёнбағирлари бўйлаб олиб юриб, манзилга, яъни тиббий ёрдам хизматига соғ-саломат етказдилар.

“Чорвоқ” сув омборида ташкил қилинган сувда қутқарув ишлари бўйича баҳслар бундан ҳам қизиқарли кечди. Сув омборининг тегишли бурчагига белги ва ишоралар ўрнатилган. Сув остида эса мусобақа босқичига асосан шартли вазиятга кўра, «жабрланувчи», излаб топилиши мумкин бўлган мўлжал ва воситалар яширилган. Буни эса фақатгина сув остига тушган маҳоратли ғаввос-қутқарувчиларгина ҳис қила олади ва топширилган вазифанинг уддасидан чиқа билади.

Айни босқичда қутқарувчилар сув остида техник ишларни олиб бориш ва сув остида қидирув-қутқарув ишларини ташкил қилиш бўйича билим-малакаларини синовдан ўтказдилар. Бунда ғаввос-қутқарувчиларнинг якка тартибда ҳамда жамоа бўлиб ишлаш маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди.

Мусобақанинг тиббий билимлар синовида эса қутқарувчилар фавқулодда вазиятларда жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилишга оид билимларини назарий ва амалий жиҳатдан асослаб бердилар.

Жорий йилнинг 11 август куни вазирлик Фуқаро муҳофазаси институтида мазкур беллашувларнинг тантанали ёпилиш тадбири ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Р.Джураев иштирок этди. У ўз сўзида мазкур мусобақанинг вазирлик қутқарув тузилмалари фаолиятида улкан ўрин тутишини таъкидлаб, уни сифат ва мазмун жиҳатдан янада бойитиш қутқарувчиларнинг касбий тайёргарлик даражасини оширишда асосий омиллардан бўлишини айтиб ўтди. Ўз ўрнида, беллашув ғолибларини самимий қутлаб, совриндор ва иштирокчиларга келгусидаги баҳсларда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишга умид билдирди.

Шундан сўнг навбат тадбирнинг энг ҳаяжонли онларига, яъни ғолибларни тақдирлашга берилди.

Хуллас, ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, умумжамоа ҳисобида фахрли 3 ўрин Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қутқарув отряди жамоасига, 2 ўрин Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тез ҳаракат қилиш махсус отрядига, мусобақанинг ғолиблик мақоми, яъни фахрли 
1 ўрин Тез ҳаракат қилиш Республика кўп тармоқли маркази иштирокчиларига насиб этди. Ғолиблар ўз шоҳсупаларини эгалладилар. Улар тинимсиз олқишландилар. Ғолибларга медальлар, диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Мукофотларни Фавқулодда вазиятлар вазири Р.Джураев тантанали тарзда ўз эгаларига топширди.

Юқоридагилардан ташқари, мусобақа якунларига кўра, бир қатор номинациялар ҳам белгиланиб, улар бўйича ғолиблар қуйидагича аниқланди:

«Энг яхши қутқарув отряди командири» - «Қамчиқ» Махсус қидирув-қутқарув бошқармаси Авария-қутқарув отряди командири капитан Абдуллаев Шерзод Абдумутал ўғли;

«Энг яхши қутқарув гуруҳи қутқарувчиси» – Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тез ҳаракат қилиш махсус отряди қидирув-қутқарув гуруҳи қутқарувчиси хизматчи Шоисломов Тохир Шухратович;

«Энг яхши ғаввос-қутқарувчи» – Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тез ҳаракат қилиш махсус отряди ғаввос-қутқарувчиси хизматчи Маллаев Бауржан Бахтиёрович;

“Энг яхши РКБ(б)М гуруҳи қутқарувчиси” – Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қутқарув отряди РКБ(Б)М гуруҳи қутқарувчиси хизматчи Алимходжаев Рамз Фазлитдинович;

«Энг кучли қутқарувчи» - Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қутқарув отряди қутқарувчиси хизматчи Маматқулов Фаррух Саминович.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, вазирлик ва идораларнинг таркибидаги қутқарув отрядлари, хизматчи ва харбий хизматчиларининг фавқулодда вазиятлар вақтида самарали қидирув-қутқарув ишларини олиб боришлари, уларнинг бу борадаги билим-кўникмаларини ошириш, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги қутқарувчилар билан соҳа йўналиши бўйича ўзаро малака алмашиши учун Фавқулодда вазиятлада ҳаракат қилиш давлат қуйи тузилмалари ўртасида «Учкураш» мусобақаси ўтказилди. Жорий йилнинг 6 10 август кунлари “Ўзнефтегаз” МХК, “Ўзкимёсаноат” АК, “Саноатгеоконтехназорат” Давлат инспекцияларининг терма жамоалари мазкур «Учкураш» мусобақасида ўзаро беллашдилар. Беллашув натижаларига кўра:

ИИИ-Ўринни Ички Ишлар Вазирлиги ЁХХББ жамоаси;

ИИ- ўринни “Ўзнефтегаз” МХК жамоаси;

И-ўринни “Ўзкимёсаноат” АК жамоаси эгаллади.

Номинациялар бўйича эса:

«Ғалабага бўлган иштиёқи» учун «Саноатгеоконтехназорат» Давлат инспекцияси;

«Вайроналарда қидирув қутқарув ишларини олиб бориш» босқичи бўйича умумжамоа ҳисобида 1 ўринни “Ўзнефтегаз” МХК жамоаси;

«Кимёвий аварияларда қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш» босқичи бўйича умумжамоа ҳисобида 1 ўринни “Ўзкимёсаноат” АК жамоаси;

“Кросс-Фит эстафетаси” босқичи бўйича умумжамоа ҳисобида 1 – ўринни Ички ишлар вазирлиги ЁХХББ жамоаси эгаллади.

Ҳа, биз ҳам ғолиб ва совриндорларни ушбу ютуқлар билан самимий қутлар эканмиз, ҳақиқатдан ҳам, маҳоратли инсонда, албатта, матонат ҳам бўлади, дея хаёлдан ўтказамиз. Энг муҳими, маҳорат ва матонат уйғун келганда, 
у ўзининг муносиб рағбатини топади. Бугунги мусобақа ана шундай эзгу тамойилнинг ёрқин намунасидир.

Омон бўлинг, матонатли халоскорлар!

Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Поделиться