Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
10-синф дарсликлари янгича мазмун ва кўринишда
2017-08-11 | Таълим
Жорий йилнинг 2 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш чораларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан жойларда аҳоли, жамоатчилик вакиллари билан ўтказилаётган учрашув ва мулоқотлар чоғида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига ота-оналардан бўлаётган мурожаатларда умумтаълим мактабларида 10–11-синфларни ташкил этиш юзасидан кўплаб таклифлар билдирилган. Тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ жойларда ота-оналар ва ўқувчиларнинг бу борадаги фикрларини ҳам ўрганди. Унга кўра, умумтаълим мактабларининг 466 минг нафар 9-синф битирувчисидан 352 минг нафари 10-синфда, 114 минг нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш ниятида экани аниқланган. Шу асосда юртимиздаги умумтаълим муассасаларида 11 йиллик умумий ўрта таълим тизимини жорий этишга киришилди.
Янги ўқув йилидан ташкил этилаётган 10-синфлар учун ўқув дастурлари, дарсликлар яратиш айни пайтдаги долзарб вазифадир. Бу борадаги ишларнинг бориши хусусида Республика таълим маркази директорининг ўринбосари Муножат Абраловага бир нечта савол билан мурожаат этдик.
— Ҳаётий тажрибада кузатилдики, ҳали дунёқараши тўлиқ шаклланиб улгурмаган, ўз мустақил фикрига эга бўлмаган 9-синф битирувчиларининг жонажон мактабидан ажралиб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига турли ҳудудлардан келган, характери бир-бирига мос бўлмаган ўқувчилардан иборат янги жамоа муҳитига мослашиши бироз қийин кечди. Қолаверса, уларнинг давоматини назорат қилиш, тарбияси билан шуғулланиш, ота-оналар билан ишлаш қатор мураккабликларни келтириб чиқарди. Бу ҳолат айрим ўқувчиларнинг ўқиш, билим олишга иштиёқи сўнишига, тарбиясида салбий ҳолатлар кузатилишига сабаб бўлди, — дейди Муножат Абралова. — Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига асосан умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълим жорий этилмоқда.
Айни пайтда Халқ таълими вазирлиги, ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари мутахассислари томонидан жойлардаги таълим муассасаларининг ўқувчилар қамрови бўйича имкониятлари, моддий-техник базаси, зарур мебель, инвентарлар билан жиҳозлангани, кадрлар билан таъминланиши, дарсликларга эҳтиёжи тегишли тартибда ўрганилмоқда. Бу ўринда биринчи галдаги вазифа замон талабларига мос ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш, 2017-2018 ўқув йилидан 10-синф ўқувчиларини барча умумтаълим фанлари бўйича сифатли дарсликлар билан таъминлашдан иборат.
Янги ўқув йилига қадар жуда қисқа вақт қолмоқда. Ҳозир Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг қўшма қарори билан тасдиқланган ижодий гуруҳлар томонидан 10–11-синфлар учун ўқув дастурлари лойиҳаси ишлаб чиқилди. Олимлар, методистлар ва амалиётчи-ўқитувчилардан иборат муаллифлар гуруҳлари ҳам шакллантирилди. Бугунги кунда 10-синф ўқувчилари учун жами 31 номдаги дарсликлар нашрга тайёрланмоқда. Адабиётлар фан йўналишларига қараб, тегишли олий таълим муассасалари, ҳудудий малака ошириш институтлари, тажрибали ўқитувчилар, педагог-олимлар, методистлардан иборат эксперт гуруҳлари томонидан мазмунан ва дизайн жиҳатдан экспертизадан ўтказилиб, билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида мазмунан такомиллаштирилмоқда.
— Қисқа муддатда дарслик яратиш мураккаб вазифа. Айтинг-чи, ўқув китобларининг мазмунини, мавзуларни шакллантиришда нималарга асосланилмоқда?
— Дарслик давлат таълим стандартларига мувофиқ дидактик, методик, педагогик-психологик, эстетик ва гигиеник талаблар асосида, таълим олувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятларига мос равишда ишлаб чиқилиши, ўқув фани мукаммал ўзлаштирилишига қаратилиши, назарий маълумотлардан ташқари амалий-тажриба ва синов машқларини қамраб олиши лозим. Ўқувчилар тасаввурини шакллантириш, мустақил ишлашга ўргатишда дарслик муҳим манба ҳисобланади. Бугунги давр ўқув материалларига тадрижий равишда янги билим ва маълумотларни киритиб боришни тақозо этади.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, 10-синф дарсликлари 9-синф дарсликларининг узвий давоми сифатида, оддийдан мураккаблик томон такомиллашган ҳолда, ҳар бир боб ҳамда мавзуларни ёритишда узвийлик, узлуксизлик тамойилига асосланган ҳолда тайёрланмоқда. Мавзулар кўпроқ амалий билимларни беришга, ўқувчиларда таянч ва фанга оид компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилди. Мавзулар қўшимча маълумотлар, машқ¬лар, тест топшириқлари асосида кенг очиб бериляпти. Масалан, 10-синф “Физика” дарслиги компетенциявий ёндашувга асосланган ҳолда такомиллаштирилган ўқув дастури асосида яратилмоқда. Мавзулар кундалик ҳаёт ва амалиёт ўртасидаги боғлиқликни таъминлашга, ўқувчиларнинг эгаллаган билимларини амалиётда қўллай олиш лаёқатини шакллантиришга йўналтирилган. Ўқувчиларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш учун лаборатория ишлари тегишли мавзудан кейин берилган. Дарсликда мантиқий фикрлашга ундайдиган саволлар, мустақил ишлаш учун масалалар ва амалий топшириқлар, ўқувчиларда билим, кўникма, малака ва компетенциялар шаклланганини назорат қилиш учун тест топшириқлари берилмоқда, қоида, формула, таърифлар луғат кўринишида ифодаланмоқда.
Ёки таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган умумтаълим мактаблари учун “Ўзбек тили” дарслигини олайлик. Ўқув дастурига кўра, грамматикага оид ҳамма мавзулар 9-синфгача ўтиб бўлинади. 10-синфда ўқувчилар билими услублар, матн билан ишлаш асосида бойитиб борилади. Бундан ташқари, адабий ўқиш учун ўзбек адабиёти намояндалари ҳаёти ҳақида қисқача маълумот, улар яратган асарлардан парчалар берилмоқда. Масалан, нутқ ўстириш мавзуларига мослаб Ғафур Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам”, Ойбекнинг “Болалик”, Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин”, “Қизимга мактублар” асарларидан парчалар киритилди. Бундай янгиликларни қолган барча дарсликлар мазмунида кўришимиз мумкин.
— Дарсликларнинг шакли, дизайнидаги янгиликларга ҳам тўхталсангиз.
— Умумтаълим мактабларининг 10-синфлари учун нашр этилиши режалаштирилган ҳар бир дарслик техник тафсилоти, яъни бичими, ҳажми, ҳарфлар кегли, қоғозининг оғирлиги, шаффофлиги, оқлиги, зичлиги, муқовалаш усули ва ҳоказолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июндаги “Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида”ги 146-сонли қарорига асосан тайёрланди. Ҳар бир дарсликнинг оригинал макети устида ўндан ортиқ нашриётлар мутахассислари ва муаллифлар ижодий изланишлар олиб бормоқда. Янгилик сифатида айтиш мумкинки, аввалги дарсликлар икки хил рангда чоп этилган бўлса, 10-синф дарсликларини тўрт хил рангда нашр этиш режалаштирилган.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган янги давлат таълим стандартлари талабига кўра, ўқувчилар 9-синфни тамомлаганда А2 (А2+) даражасида билимга эга бўлиши лозим. 11 йиллик тизимда бу қандай акс этади?
— Янги ДТСга кўра ўрта махсус, касб-ҳунар таълими фанларини ўрганишнинг умумий даражаси В1 этиб белгиланган. Янги дарсликларни яратишда ана шу даражага асосланиляпти.
— Янги дарсликлар ўқувчиларга қай тартибда берилади?
— Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсликларга буюртмалар шакллантирилмоқда. Ота-оналарга, ўқувчиларга қулайликлар яратиш мақсадида дарсликлар ўқувчиларга ўрнатилган тартибда ижара тизими асосида етказиб берилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги