Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенаторлар, депутатлар, олима аёллар, турли вазирлик ва идоралар мутасаддилари уюшмаган ёшлар билан учрашди
2017-08-09 | Жамият
Ишда, шахсий ҳаётда, оиладаги муваффақиятнинг асосий омили нимада? Қийинчиликларга дуч келганда уларни қандай енгасиз? Қандай қатъий тамойилларга оғишмай амал қиласиз? Уюшмаган ёшларнинг сенаторлар, депутатлар, олима аёллар, турли вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан учрашуви ҳаётий мисолларга бой, самимий тарзда кечди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда 12 август–Халқаро ёшлар куни муносабати билан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ташкил этилган "Мен ҳам етакчи бўламан!" номли илк учрашувда қизлар, ёш оилалар вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова, Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти директори С.Рашидова, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова, маданият вазири ўринбосари К.Оқилова ва бошқалар оилалар, ёшлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш, халқимиз, айниқса, улғайиб келаётган авлоднинг орзу-интилишларини пухта ўрганиш, мавжуд долзарб масалаларга тезкор, ўз вақтида ечим топиш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканини таъкидлади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати барча йигит-қизлар манфаатларини кўзлаши билан бирга ижтимоий йўналтирилгани, таълимни сифат жиҳатдан такомиллаштириш, бандликни таъминлаш, маънавий-ахлоқий тарбия ишларига жиддий эътибор қаратишдек жабҳаларни қамрайди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш борасида самарали фаолият юритаётгани баробарида, уюшмаган ёшлар билан ҳам амалий ишларни тобора кучайтириши зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ёшларнинг айни тоифаси билан янгича тизим ва ёндашув асосида иш олиб бориш турли ҳуқуқбузарликлар, оилавий ажралишлар, эрта никоҳ каби иллатларнинг олдини олишда асосий омилдир. Мазкур жамоат ташкилоти маҳаллалар, хонадонларда бўлиб, ёш оилалар, йигит-қизларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, таҳлил этиш, битирувчи қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг меҳнат бандлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашиш бўйича тизимли ишларни олиб бормоқда.
– Чирчиқдаги таълим масканида бир муддат ишлаб, соҳам тўғри келмагани сабабли ишдан бўшаб, уйда ўтирган эдим, – дейди Дилафрўз Ғайратова. – Бугунги суҳбатда муваффақиятнинг йўли осон эмаслигини, инсон ўз устида тинимсиз изланса, муттасил ўқиса, мақсад сари дадил интилса, қатъий интизомга амал этса, дилидаги эзгу орзуларига эришиши мумкинлигини англадим. Имтиҳонларга пухта тайёрланиб, келгуси йили янги очилган Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига ҳужжат топшириш ниятидаман.
Мулоқотда мамлакатимизда хотин-қизларга, ёш оилаларга, ёшларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш борасидаги амалий ишларнинг мазмун-моҳияти, ҳар бир инсоннинг ўз ота-онаси, оила, жамият, Ватан олдидаги бурчи ва масъулияти, бахт, муваффақият каби тушунчаларнинг аҳамияти ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида сўз юритилди. Уюшмаган ёшларга амалий кўмак кўрсатиш бўйича истиқболдаги режалар белгиланди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.
Манба: ЎзА