Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Цзинь Лицюнь: Осиё инфратузилма инвестициялари банки Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёр
2017-08-09 | Иқтисодиёт
Бош қароргоҳи Пекинда жойлашган Осиё инфратузилма инвестициялари банки бундан икки йил аввл ташкил қилинган. Турли мамлакатларда транспорт, энергетика, уй-жой қурилиши ва бошқа соҳалардаги йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга ихтисослашган банк президенти Ўзбекистонга ташрифи хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Аввало, Президент Шавкат Мирзиёевга ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик изҳор этаман. Мамлакатингизда бир неча маротоба бўлганман. Мазкур банк президенти сифатида биринчи марта келдим. Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаймиз. Мамлакатингизнинг ҳар томонлама ривожланиши, тараққий этган давлатлар сафига киришида Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат муҳим омил бўлмоқда.
Осиё инфратузилма инвестициялари банки Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларида ўзининг ёрдамини аямайди. Мамлакатингизда янги инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришда ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича дастлабки қадамларни қўйдик. Баъзи лойиҳа ишлари такомиллаштирилмоқда. Тошкент метрополитенининг ер ости ва ер усти қисмларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Биз мазкур йирик лойиҳани молиялаштириш бўйича музокаралар ўтказаяпмиз.
Бугунги учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Бу мени ҳайратга солди. Чунки бу жуда муҳим аҳамиятга эга масала. Ҳамкорлигимизни изчил ривожлантиришда бунинг аҳамияти катта.
Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Манба: ЎзА