Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 июнь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқида диний-маърифий соҳада ечимини кутаётган масалалар танқидий таҳлил қилиниб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди. Ушбу анжуманда халқимизни, айниқса, ёшларни турли бузғунчи ғоялардан асраш, муқаддас динимиз тарихи, буюк алломалар, азиз-авлиёларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улуғ аждодларимиз зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича бошланган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов билан мазкур вазифалар мазмун-моҳияти, аҳамияти, амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар хусусида суҳбатлашди.
– Учрашув бугунги куннинг долзарб муаммолари ечими бўйича аниқ таклиф ва тавсияларга бой бўлгани, очиқ мулоқот шаклида ўтгани билан ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди, – дейди О.Юсупов. – Президентимиз анжуманда давлат ва жамият олдидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни аниқ кўрсатиб берди. Айни пайтда Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги вакиллари билан ҳамкорликда анжуманда белгиланган вазифаларнинг ижроси доирасида давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллаларда диний экстремизм, миссионерлик, “оммавий маданият” билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш, аҳолининг алоҳида ижтимоий қатламлари, адашганлар ва уларнинг оила аъзолари билан тарғибот-тушунтириш ишлари ва якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ташкил этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида қўмита ходимлари 150 дан зиёд семинар, учрашув ва давра суҳбатида иштирок этиб, аҳолининг турли қатламлари орасида ақидапарастлик ғоялари, миссионерликнинг салбий оқибатини фош этувчи тушунтириш ва профилактика ишларини амалга оширди.
Бир гуруҳ уламоларимиз Украинанинг Киев шаҳри, Россиянинг Москва шаҳри, Саратов вилояти, Чуваш Республикаси, Омск вилоятида хизмат сафарида бўлди. Улар ўтказган диний-маърифий учрашувларда жойлардаги меҳнат мигрантлари, талабалар ва ўша давлатларда яшаётган ватандошларимиз иштирок этди. Тадбирларда уларга ислом таълимоти, турли бузғунчи оқимлар нотўғри талқин қилаётган “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳидлик” каби тушунчаларнинг асл моҳияти ҳақида маълумотлар берилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, “...Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин”.
Мана шундай эзгу мақсад ва даъватдан келиб чиқиб, жорий йилнинг сентябрь ойида ёш авлоднинг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, бузғунчи ғояларнинг интернет, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали таъсирига қарши самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш мақсадида «Медиа саводхонлик», «Хавфсиз онлайн муҳит», «Интернет орқали радикаллашув: муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари» мавзуларида илмий-амалий конференциялар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар билан “Биз ёт ғояларга қаршимиз!” шиори остида тарғибот учрашувлари, давра суҳбатлари, кўргазмалар, илмий-ижодий ишлар танлови каби маданий-маърифий тадбирлар ҳафталиги ўтказилаётир.
Ёшларни миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросидан хабардор қилиш, Ватанга садоқатли, баркамол этиб тарбиялаш мақсадида «Буюк аждодларга муносиб бўлайлик» номли туркум рисолалар нашрга тайёрланмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган муҳим вазифалардан келиб чиқиб, семинар, учрашув ва давра суҳбатлари, аҳолининг турли қатламлари билан учрашувларда одамларнинг юрагига кириб боришга, уларни қийнаётган масалаларнинг моҳиятини англашга ҳаракат қилиниб, шунга кўра муаммоларга ечим топиш чоралари кўрилмоқда.
– Истиқлол йилларида мамлакатимизда Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлар чоп этилди. Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар таъмирланди. Улуғ аждодларимизнинг таваллуд кунлари нишонланмоқда. Бугун бундай ишлар кўлами, уларнинг тарғиботи қай даражада?
– Тарихдан маълум, юртимиз ислом маърифати булоғи сифатида мусулмон дунёси тамаддуни тараққиётида беқиёс ўрин тутган. Аждодларимизнинг бой маънавий мероси асрлар оша нафақат халқимизга, балки бутун ислом оламига мўътабар манба бўлиб хизмат қилган ва қилмоқда. Истиқлол шарофати билан буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини ўрганиб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш, халқимизга муқаддас динимизнинг таълимотлари ва маърифатини етказиш имконияти яратилди.
Турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги даврда аждодлар маънавий меросини ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш, шу орқали ёшларда миллий ғурур, бунёдкорлик, Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш, уларни миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш долзарб вазифалардан саналади.
Истиқлол йилларида ислом дини таълимоти, тарихи, тафсир ва ҳадис илми, одоб-ахлоқ, ибодат, адашган оқимларга раддия ва бошқа мавзуларга бағишланган 1 минг 200 дан зиёд номдаги диний-маърифий адабиёт чоп этилди. Шу билан бирга, диний-маърифий мавзуларга бағишланган 250 номдаги мультимедиа маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Биргина 2016 йилнинг ўзида 108 номдаги китоб, 13 номдаги мультимедиа маҳсулоти халқимиз эътиборига ҳавола этилди.
Жамиятимиз учун долзарб ҳисобланган мавзулар бўйича бир қатор етук уламолар ва соҳа мутахассислари муаллифлигида “Долзарб мавзу” рукнида 50 га яқин рисола чоп қилинди.
Ватанимиздан етишиб чиққан етук уламолар, алломаларнинг ҳаёти, авлодларга қолдирган бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиб, уларни оммабоп, оддий ва таъсирчан услубда халққа, айниқса, ёшларга етказиш мақсадида Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, термизлик уламолар, Абу Муъин Насафий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ва тасаввуфнинг бошқа етук намояндаларининг 40 дан зиёд асари нашр этилди.
Бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Президентимизнинг шу йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Мазкур ҳужжатга кўра, термизлик уламоларнинг бой маънавий меросини тарғиб қилиш, уларни оммабоп тарзда кенг жамоатчилик ва китобхонлар оммасига ҳавола этиш мақсадида қатор асарлар нашрга тайёрланди. Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида улуғ аллома Имом Абу Исо Термизий зиёратгоҳи қад ростлади. Зиёратгоҳда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, буюк муҳаддис мақбараси, унга туташ бинолар реконструкция қилинди. Қисқа фурсатда зиёратгоҳ маҳобатли ва хушманзара қадамжога айлантирилди. Зиёратгоҳ ҳудудида барча шароитларга эга кутубхона, йиғилиш зали қурилди. Масжид тубдан қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш борасидаги ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Шу йил 27 мартда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Жорий йил 20-21 май кунлари давлатимиз раҳбарининг Саудия Арабистонига ташрифи давомида Ислом тараққиёт банки раҳбари Бандар Ҳажар билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳам ушбу масала юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, Самарқандда инсоният тараққиётига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ташкилотнинг иштироки юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.
Президентимиз жорий йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши тумани Қовчин кишлоғида жойлашган буюк олим Абу Муин Насафий мажмуасини реконструкция қилиш, алломанинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, асарларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Бугунги кунда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида вилоят, туман, шаҳар марказларида диний мазмундаги китоблар савдосига ихтисослашган дўконлар фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозир жойларда бу каби 50 дан зиёд китоб дўкони ишлаб турибди.
Замон талабларига мувофиқ миллий домендаги интернет саҳифаларига ҳам юртимизда нашр этилаётган диний-маърифий адабиётларнинг электрон ва аудио шакллари қўйилмоқда. Хусусан, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро маркази интернет сайтларига ёшлар тарбияси, одоб-ахлоқ, илм-маърифатнинг аҳамиятини ёритувчи, бузғунчи кучларнинг ғаразли мақсадларини фош этишга бағишланган 30 га яқин китобнинг электрон шакли жойлаштирилди.
– Кейинги вақтларда диний таълим олиш имкониятлари ва кўлами янада кенгайди. Мамлакатимизда йўлга қўйилган диний таълим масаласи ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.
– Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган 9 ўрта махсус ислом мадрасалари, христианлик динига мансуб билим юртлари, Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институти, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Бухоро вилоятидаги янги “Мир Араб” олий мадрасасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Уларда диний фанлар билан бир қаторда дунёвий фанлар ҳам замон талаблари даражасида ўқитилиши йўлга қўйилган. Дарсларни илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида олиб бориш учун барча шарт-шароит яратилган. Жумладан, лингофон хоналари, компьютер синфлари ташкил қилинган бўлиб, ўқув аудиториялари видеопроектор ва компьютер техникаси билан жиҳозланган. Таълим муассасаларида кимё, физика, биология фанлари бўйича лаборатория хоналари ташкил этилиб, зарур жиҳоз, асбоб-ускуналар билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида диний таълимда узлуксизликни таъминлаш бўйича берган кўрсатмалари асосида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг малакали мутахассислари томонидан диний таълим муассасалари ўқув режа ва фан дастурлари қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди. Бунда ўрта махсус ислом билим юртларига академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлар қабул қилинишини эътиборга олган ҳолда ихтисосликка йўналтирилган фанларнинг улуши кўпайтирилиб, фанларнинг узвийлиги таъминланди.
Бундан ташқари, мамлакатимизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш мақсадида Тошкент ислом институтида 3 йиллик махсус сиртқи бўлим ташкил этилиши кўзда тутилган. Ушбу тизимни жорий қилиш орқали ҳозирги кунда масжидларда узоқ йиллардан буён ишлаётган ўрта махсус диний маълумотли имом-хатибларнинг олий диний маълумотга эга бўлишига имконият яратилади.
Замон талаблари ва халқаро тажрибадан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний таълим тизимини тўлиқ шакллантириш, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент ислом институтида олий диний ўқув юртидан кейинги таълим – ислом фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ҳамда ислом фанлари бўйича фан доктори (Doctor of Sciеnce) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими ташкил этилади.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши орқали мамлакатимиздаги диний таълим муассасалари педагог ходимларининг илмий салоҳиятини янада ошириш ва янги ташкил этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом маданияти марказини малакали илмий ходимлар, фан докторлари билан таъминлаш мумкин бўлади.
– Халқимизнинг ҳаж ва умра зиёратларини амалга ошириши учун яратилаётган қулайликлар ҳам ривожланиш талабига ҳамоҳанг такомиллаштирилмоқда. Бу борада қандай ишлар бажарилмоқда?
– 1943-1991 йилларда бор-йўғи 140 га яқин юртдошимиз муборак ҳаж сафарига бориш бахтига мушарраф бўлган. Бугунги даврга келиб, мамлакатимиздан жами 110 мингдан зиёд фуқаро ҳаж амалларини, 93 мингга яқини умра зиёратини адо этди.
Шу кунга қадар ҳар йили 5 минг юртдошимиз ҳаж сафарига ва 6 минги умра зиёратларига борган бўлса, Президентимиз ташаббуси билан жорий йилги ҳаж мавсумида Ўзбекистон зиёратчилари сони 7 мингга етказилди. 2018 йилдан йилига 10 минг ватандошимиз умра зиёратини бажариш имконига эга бўлади. Жорий йилда ташкил этиладиган ҳаж мавсумида мамлакатимиздаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари давлат томонидан имтиёзли равишда зиёратга юборилади.
Мамлакатимизда ислом динидан бошқа конфессия вакилларининг зиёрат ишларига ҳам ғамхўрлик қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси томонидан 2012 йилдан эътиборан Исроил давлатидаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш ва Ўзбекистонга “муқаддас олов”ни олиб келиш мақсадида (Пасха байрами арафасида) зиёратчилар гуруҳлари ташкил этилиб, сафарлар уюштирилмоқда. Ўтган давр мобайнида Исроилга жами 1 мингдан ортиқ фуқаронинг зиёрати ташкил этилди. Бундан ташқари, епархия томонидан Россиядаги қадимий шаҳарлар, шунингдек, Италия, Туркия ва Грециядаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш бўйича ҳам сафарлар амалга ошириб келинмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун барча соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланишлар мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик самарасидир. Ютуқлар қувват оладиган неъмат тинчлик экан, тинч ва осойишта ҳаёт учун жамиятимизнинг барча аъзолари баробар масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилиши катта аҳамият касб этади. Бу огоҳ, маънавий уйғоқ бўлиб яшашимизда, Ватанимиз келажаги учун шахсий жавобгарликни ҳис этишимизда намоён бўлади.
Икром Аввалбоев, ЎзА
Манба: ЎзА