Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Хитой тадбиркорлари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди
2017-08-04 | Иқтисодиёт
Самарқандда вилоят тадбиркорлари ва Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳридаги “Canton Fair” ярмаркаси ташкилотчилари ўртасида телекўприк шаклида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси, Ўзбекистон-Хитой савдо уйи, Хитой ташқи савдо маркази вакиллари ва 250 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар иштирок этган тадбирда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар йил сайин ривожланиб, ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
2013 йилда Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасида биродарлик алоқалари йўлга қўйилгани тадбиркорлар учун ҳам кенг имкониятлар яратди. Бугунги кунда вилоятда Хитой капитали иштирокида 40 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудлар ишбилармонларининг ҳамкорликда бизнес форумлар ўтказиши мунтазамлик касб этган. 2016 йилда Самарқандда “Ўзбекистон-Хитой бизнес форуми ва кооперацион биржаси” бўлиб ўтган эди. Бу гал тадбиркорлар телемулоқот орқали ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Баҳор ва куз фаслларида бўлиб ўтадиган "Canton Fair" ярмаркаси жаҳон миқёсида ҳам йирик кўргазмалардан ҳисобланади. Уч босқичда ўтказиладиган кўргазмада машина ва махсус ускуналар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва тайёрлов материаллари, керамика, ойна, металл, мебеллар, тиббиёт жиҳозлари, маиший техникалар, текстиль ва фурнитура маҳсулотлари намойиш этилади. Жорий йил баҳорги ярмаркада юртимиздан 1100 га яқин тадбиркор иштирок этди. Самарқанддан борган 60 дан ортиқ ишбилармон ўз маҳсулотларини намойиш этиш билан бирга, турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича хитойлик ишбилармонлар билан шартномалар имзолаган эди. Ярмаркада таклиф этилаётган арзон ва сифатли, ихчам ва тежамкор технологияларни “Ўзбекистон-Хитой савдо уйи” орқали юртимизга олиб келишда бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилаётгани тадбиркорларга кўплаб қулайликлар яратмоқда.
– Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз, – дейди ярмарка ташкилотчиларидан бири Хан Цибау. – Шунинг учун ярмаркада юртингиздаги ишбилармонлар ўз маҳсулотларини кўпроқ намойиш этишларини истаймиз. Ярмарка павильонлари Хитойнинг энг йирик кўргазмалари ўтадиган қисмида жойлашган ва унда маҳаллий ҳамда хорижий давлатларнинг йирик компаниялари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар намойиш этилади. Ҳамкорлигимиз самарасида юртингиздан ташриф буюрадиган иштирокчилар янада кўпаяди.
Телемулоқотда Хитой Халқ Республикаси Хэнань провинцияси делегациясининг жорий йил 12-14 июль кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ички ва халқаро туризм, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган 10 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш, бу борада белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳам муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА