Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Истиқболли инвестиция янги иш ўрни демакдир
2017-08-04 | Иқтисодиёт
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси Хитойнинг “Shandong Guang Tong Silkworm eggs” компанияси билан ўзаро ҳамкорлик бўйича шартнома имзолади. Бу келгуси беш йилда Ўзбекистоннинг дунё мамлакатларига ипак қурти уруғи экспорт қилишини таъминлайди.
– Бизга пиллачилик йўналишида берилган қатор имтиёзлар жуда маъқул бўлди, – дейди “Shandong Guang Tong Silkworm eggs” компанияси раҳбари Фенг Донг. – Шу боис келгусида Навоий ва Кашқадарё вилоятларида элита ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш заводи барпо этишга келишиб олдик. 2018 йилги мавсумда пиллакорларга 40 минг қути ипак қурти уруғи етказиб бериш масъулиятини зиммамизга олдик. 2020 йилга бориб бу кўрсаткич 200 минг қутига етказилади.
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Баҳром Шарипов тизимдаги корхона ва ташкилотларга 2023 йилгача қатор имтиёзлар берилгани, хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар туфайли қулай ишбилармонлик муҳити таъминланаётганини таъкидлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тизимдаги бу имкониятларнинг жорий этилишида дастуриламал бўлаётир.
Учрашувда ипак қурти уруғи етиштириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятини кенгайтириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА