Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
2017-07-28 | Сиёсат
Жаноби Олийлари!
Сиз билан учрашиш мен учун катта шараф бўлди. Сизга, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига яқинда мамлакатингизга ташрифим чоғида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман.
Учрашувимизда Сиз баён қилган ва Сизнинг ташаббусингиз билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича дастурингиз менда катта таассурот қолдирди. Мазкур ҳужжат БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари ва 2030 йилгача барқарор ривожланиш дастури билан ҳамоҳанг бўлиб, Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун асос сифатида хизмат қилиши мумкин. Сизнинг қўшни давлатлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларингизни тўла қўллаб-қувватлайман. БМТ Сизнинг ҳукуматингизни умумий мақсадларимизга, жумладан, Барқарор тараққиёт мақсадларни амалга ошириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва превентив дипломатияни ривожлантириш борасидаги мақсадларга эришиш учун қўллаб-қувватлашга тайёр.
Сиз ва ҳукуматингизга БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказини тўла қўллаб-қувватлаётганингиз ва ҳамкорлик қилаётганингиз учун самимий миннатдорлик изҳор этаман.
Марказий Осиёга ташрифимнинг асосий мақсадларидан бири бўлган Нукус ва Мўйноққа боришимга кўмаклашганингиз учун алоҳида ташаккур билдираман. Орол денгизи тезлик билан қуриб бораётгани мени қаттиқ ташвишга солди ва бу фалокатдан азият чекаётган аҳоли билан учрашувдан ғоят таъсирландим. Ишонтириб айтаманки, БМТ Сизнинг ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.
Ҳукуматингиз ташрифим давомида кенг логистик ёрдам кўрсатгани сафарим муваффақиятли ўтишида муҳим роль ўйнади. Бунинг учун ҳам миннатдорлик изҳор этаман.
Буюк ипак йўлининг дурдоналаридан бўлган гўзал Самарқандни яна бир бор кўрганимдан беҳад хурсандман. Маданиятлар чорраҳасида жойлашган бу шаҳарнинг кўп асрлик тарихи ва серқирра маданияти бугун ҳам бутун дунё учун намуна бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси БМТ билан ишончли ҳамкорлик қилаётгани учун ташаккур билдираман ва Ўзбекистон халқининг манфаати йўлида ҳамкорлигимизни давом эттиришимизни сабрсизлик билан кутаман.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак ҳурматимни қабул қилгайсиз.
Самимий ва эзгу тилаклар билан,
Манба: ЎзА