Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ҳақида янги ҳужжатли фильм суратга олинмоқда
2017-07-26 | Маданият
Россиянинг «Культура» телеканали, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва «Караван-ТВ» ҳамкорлигида "Ўзбекистон: кашф этилган янгиликлар" номли бир соатлик ҳужжатли фильмни суратга олиш ишлари бошланди.
Лойиҳа ташкилотчиларининг маълум қилишича, мазкур фильмда Ўзбекистон азалий урф-одат ва анъаналар билан ҳамоҳанг равишда жадал ривожланиб бораётгани ҳақида ҳикоя қилинади. Бугун ўтмиш ва замонавийликни ўзида мужассам этган уйғунликни ҳар қадамда кузатиш мумкин. Хусусан, Тошкентда муқаддас ислом динининг асл қадриятларини янада тўла англашга хизмат қиладиган Ислом маданият маркази ташкил этилмоқда. Самарқандда ислом олами олим ва мутафаккирларининг меросини ўрганадиган Халқаро илмий-тадқиқот маркази очилади. Бухородаги 1536 йилда барпо этилган қадимий "Мир-Араб" мадрасасида илму толиблар учун замонавий талабларга жавоб берадиган шароитлар яратилмоқда.
"Ўзбекистон ҳамиша бағрикенг мамлакат бўлган, бу ерда турли дин ва маданият вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаган. Самарқанддаги Хўжа Дониёр мақбараси, Тошкентдаги католиклар черкови ва православларнинг Успенский собори бунга ёрқин мисол бўла олади. Ушбу диний қадамжолар бизнинг суратга олиш режамизга киритилган. Бироқ ҳужжатли фильмнинг асосий ғояси Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси ҳақида сўзлайдиган қадимий ёдгорликларга битилган ноёб ёзувлар, шунингдек, мамлакат олимларининг асрлар давомида сақланиб келаётган қадимги битиклар маъносини талқин қилиш борасидаги машаққатли меҳнати ҳақида ҳикоя қилишдир", дейди фильм режиссёри Валерий Белов.
Фильм продюсери Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, бу Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг Россия телекомпаниялари билан навбатдаги қўшма лойиҳасидир. "Таниқли "Мастерская" кинокомпанияси билан ҳамкорликда "Ўзбекистон – қумликлар гавҳари", "Вақт қумликлар аро" ҳужжатли фильмларини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширганмиз. "Культура" телеканали билан ҳамкорликдаги янги фильм Ватанимизнинг мустақиллик кунига муносиб совға бўлишига ишонамиз", дейди у.
"Ўзбекистон: кашф этилган янгиликлар" ҳужжатли фильми Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва бошқа шаҳарларда суратга олинади. Шунингдек, фильмда ноёб кино ва фотоҳужжатлар, архив кадрлари, шахсий архив материаллари ва музей артефактларидан фойдаланилади. Фильмда машҳур меъморлар, олимлар, тарихчи ва хаттотлар, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қиладиган оддий одамлар билан суҳбатлар уюштирилади.
Манба: ЎзА