Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш - энг муҳим масала
2017-07-24 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 июль куни Ангрен шаҳрига ташриф буюрди.
Тошкент вилоятида кимё саноати, нефть-кимё, қора ва рангли металлургия, электротехника, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш каби замонавий саноат тармоқлари яхши ривожланган.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 13 апрелдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган “Ангрен” махсус индустриал зонаси бу борадаги салоҳиятдан тўла фойдаланиш, юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишда муҳим омил бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 октябрдаги фармонига мувофиқ ушбу ҳудуд «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси, деб аталди, имкониятлари ва имтиёзлари кенгайтирилди.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 20 сентябрь куни Ангрен шаҳрига ташриф буюриб, ушбу зонада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик инвестиция лойиҳалари билан танишган эди.
Улардан бири конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Лойиҳага кўра йилига 100 минг погон метр конвейер лентаси, 200 мингта қишлоқ хўжалиги техникаси шинаси, 3 миллион дона автомобиль шинаси ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Президентимиз мазкур лойиҳа ижросининг бориши билан танишди.
Конвейер лентаси ва шиналар саноат, қишлоқ хўжалиги, умуман, одамлар ҳаёти учун энг зарур маҳсулотлардан ҳисобланади. Улар хориждан олиб келинмоқда. Бу товарларни мамлакатимизда ишлаб чиқариш импорт ўрнини тўлдириш, валюта маблағларини тежаш, шу билан бирга, экспортдан фойда топиш имконини беради.
Бу завод мамлакатимиз иқтисодиёти учун жуда муҳим аҳамиятга эга, деди Президентимиз. Бу ерда жаҳон стандартларига мос, юқори сифат ва кенг номенклатурадаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Одамлар барқарор даромад манбаига эга бўлади, ҳаётдан рози бўлиб яшайди.
Завод ишга тушгач 1 минг 200 га яқин киши иш билан таъминланади. Ёшлар замонавий технологияларни эгаллаб, малакали кадр бўлиб шаклланади. Ҳозиргача 68 мутахассис Хитойда малака ошириб қайтди.
Давлатимиз раҳбари корхона учун мутахассисларни аниқ, манзилли асосда тайёрлаш, хомашёни маҳаллийлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Хитойнинг "Поли текноложи" компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, янги имкониятларни кашф этиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни чуқурлаштириш бўйича "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти билан 10 йиллик стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кунда заводда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда. Режага кўра, жорий йилнинг 1 сентябрь куни корхонада биринчи шина ишлаб чиқарилади.
Шу ерда қурилиш материаллари, автомобилсозлик, электр техникаси ва нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, Тошкент вилоятидаги бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз бу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигига эътибор қаратди, хомашёси ва бозорини суриштирди. Корхоналарнинг оёққа туриб олишига кўмаклашиш, энергия сарфини камайтириш орқали маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, одамларни иш билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Президентимиз хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашди.
Шу ерда «Ангрен» эркин иқтисодий зонасидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан намуналар намойиш этилди.
Манба: ЎзА