Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Истиқболли бизнес-режа учун кредит нақд
2017-07-21 | Иқтисодиёт
Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида. Ҳар йили қабул қилинаётган бандлик дастурида айнан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш устувор вазифа сифатида белгиланади. Коллеж битирувчиларини ишга қабул қилаётган корхоналар, тадбиркорлик субъектларига эса бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилмоқда. Ҳар бир коллежга муайян банк бириктирилган ҳолда битирувчиларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Самарқанд вилоятидаги касб-ҳунар коллежларида ҳам мазкур амалиёт изчил йўлга қўйилиб, ҳар бир битирувчи ўз қизиқиш ва интилишига қараб касбга йўналтирилмоқда. 2016-2017 ўқув йилида вилоятдаги 160 касб-ҳунар коллежини тамомлаган 53 мингдан ортиқ битирувчининг 4 мингга яқини тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган эди. Битирувчиларга банклар ва бошқа ташкилотлар томонидан бизнес-режа тузиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди.
– Йил бошидан буён вилоят бўйича 2 минг 221 нафар коллеж битирувчисига тижорат банклари томонидан жами 25 миллиард 732 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Самарқанд вилояти бош бошқармаси масъул ходими А.Қаршиев. – Жумладан, 2016-2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 803 битирувчи банк кредити олиб, ўз фаолиятини бошлади. Айни пайтда кредит сўраб мурожаат қилган бошқа битирувчиларнинг ҳам бизнес-режа ва ҳужжатлари атрофлича ўрганилган ҳолда кредитлар ажратилмоқда.
Банкдан кредит олиб тадбиркорлик соҳасида иш бошлаётган битирувчилар орасида қизлар сафи тобора кенгаймоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 948 қизнинг бизнес лойиҳаси истиқболли, деб эътироф этилди ва уларга кредитлар ажратилди.
– Ота-онам тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани боис менда ҳам шу соҳага қизиқиш баланд эди, – дейди Самарқанд саноат коллежи битирувчиси Ирода Иноятуллаева. – Шунинг учун коллежни битириб, тадбиркорлик билан шуғулланишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйгандим. Оиламиз ва банк ходимлари ёрдамида қандолат маҳсулотлари ва ширинликлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бизнес-режа тузиб, “Микрокредитбанк” Самарқанд филиалидан 80 миллион сўм кредит олдим. Ҳозирда оилавий тарзда ишлаб, маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Иш фаолиятимни йўлга қўйиб олишимда банкдан олинган кредит жуда қўл келди.
Манба: ЎзА