Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорнинг муваффақият формуласи
2017-07-21 | Иқтисодиёт
Наманган вилоятининг Наманган тумани Шўрқишлоқ қишлоғидаги тухум ва гўшт етиштиришга ихтисослашган “Golden egg of Namangan” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошмоқда.
“Golden egg of Namangan” корхонаси билан танишиш, жамоанинг ибратли ишлари ҳақида ёзиш мақсадида йўлга тушар эканмиз, рости, у ерни бир вақтлардагидек ҳовлисида гўнг ҳиди бурқсиган, бинолари абгор, ҳавоси бадбўй, деган хаёлга борган эдик. Йўқ, ташвишимиз ўринсиз бўлиб чиқди. Ҳамма ёқ обод-ораста, 100 минглаб парранда боқиладиган корхонага сира ўхшамайди. Корхона ҳудудига киришингиз билан узуми тарсиллаб турган токзор остида юзлаб тувакларда ноёб гуллар сизни қарши олгандай яшнаб ётибди. Ўнг томон бурилсангиз, мевасининг кўплигидан шохлари эгилган нок, шафтоли ва олмазор боғ. Дарахтлар қатор оралиғига сабзавот ва бошқа экинлар экилган. Қарийб 10 гектар майдонни эгаллаган корхона ҳудудининг бундай манзараси раҳбарнинг ишнинг кўзини биладиган тадбиркор эканидан далолат бериб турибди.
– Мамлакатимизда яратилаётган шароитлардан фойдаланиб, кўп йиллар давомида ташландиқ ҳолга келиб қолган эски паррандачилик фермасини ижарага олиш билан иш бошлаганмиз, – дейди корхона раҳбари Абдулҳафиз Шамсиддинов. – Ўшанда бу биноларни таъмирлаш билан ўнглаб бўлмайди-ёв, тубдан реконструкция қилиш керак, деган хулосага келдик. Тўғри қилган эканмиз, агар бошида маблағимизни шу ишларга сарфлаб қўйганимизда, асосий иш қолиб кетиб, бугунги даражага етолмасдик. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имкониятлар туфайли фаолиятимизни йўлга қўйиб олдик, иқтисодий кўрсаткичимиз ортиб бормоқда. Энди эски бино ва иншоотларни замонавий андозаларда реконструкция қилиш ҳақида ўйласак бўлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги, паррандачилик ва чорвачилик йўналишидаги лойиҳалар билан ҳам танишди. Тақдимотда “Golden egg of Namangan” масъулияти чекланган жамияти ҳам ўз ютуқлари ва янги лойиҳаларини намойиш этди.
– Бугунги кунда 34 минг бош макиён парваришлаяпмиз, – дейди корхона таъсисчиси Абулатиф Шамсиддинов. – Қўшимча иншоотлар қуриш, замонавий технология ва зотдор товуқлар келтириб, макиён бош сонини 60 мингга етказиш борасида бизнес лойиҳа тайёрлаган эдик. Президентимиз лойиҳамиз билан танишар экан, "Корхонангизни самарқандликлар даражасида ривожлантира оласизми?”, деб қолди. Бу эътибордан руҳланиб, “Самарқандликлардан ҳам ўтказиб юборамиз”, деганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Президентимиз макиён сонини 60 минг эмас, 100 мингтага етказиш керак, деди ва лойиҳамизни қайта кўриб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди.
Дарҳақиқат, ака-ука Абдулҳафиз ва Абдулатиф Шамсиддиновлар 2009 йилда ўз жамғармаларини ўртага қўйиб, Самарқанддан 15 минг жўжа келтириш билан иш бошлаган. Ўтган йилларда корхона даромади ҳисобидан ижара жойини сотиб олди. Озуқа экини етиштириш учун ерни яна 70 гектарга кенгайтирди. 2012 йилга келиб “Асака” банк вилоят филиалининг 1 миллиард 600 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредити кўмагида Германиянинг “Big Dutchman International GmbH” фирмасида ишлаб чиқарилган иккита 70 минг ва битта 50 минг сиғимли автоматлаштирилган товуқ боқиш дастгоҳи харид қилинди. Ҳозир корхонада парранда 245 мингга етди.
Тадбикор айни пайтда фаолиятини кенгайтириш билан боғлиқ янги лойиҳалар устида изланмоқда. Жумладан, наслдор товуқларни кўпайтириш учун яна 60 минг бош товуқ боқишга мўлжалланган қўшимча 2 замонавий иншоот қурилиб, Канададан инкубация келтирилмоқда. Бу ишлар учун “Саноатқурилишбанк” вилоят филиалидан 17 миллиард 500 миллион сўм кредит ва корхона ҳисобидан 14 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
– Мустақиллик байрами арафасида топширилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳалар йил охирига қадар корхонамизда парранда сонини 750 мингтага етказиш имконини беради, – дейди Абдулҳафиз Шамсиддинов. – Германиядан 60 мингта “Ломен Браун”, Голландиядан “Декальб” наслли қизил ва қаймоқранг зотдор товуқлар келтириб, ўзимизда кўпайтирамиз. Биз Президентимизга ваъда бердик, албатта сўзимиз устидан чиқамиз.
“Ҳаракатда – барака” дейилганидек, ёш тадбиркорнинг юртимизда яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб олиб бораётган ишлари корхонанинг иқтисодий юксалишида ўз ифодасини топмоқда. Масалан, 2009 йилда 1 миллион 805 минг дона тухум тайёрланган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 13 миллион 424 мингга етди. Жорий йилнинг олти ойида истеъмол бозорига 18 миллион 106 минг тухум етказиб берилди. Бундан ташқари, ўтган йили корхона томонидан 346 тоннадан зиёд товуқ гўшти ишлаб чиқарилди.
Жорий йилдан бошлаб корхона маҳсулотини ташқи бозорга чиқаришни йўлга қўйди. Ярим йил сарҳисоби етиштирилаётган маҳсулотнинг 74,9 фоизи экспорт қилинганини кўрсатди. Жумладан, Афғонистон ва Тожикистон давлатларига 1 миллиард сўмликдан зиёд ва 478 минг 550 долларлик тухум экспорт қилинди.
Корхона иқтисодиётининг ўсиб бораётгани ишчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Дастлаб саккиз киши ишлаган корхонада бугун 30 га яқин одам меҳнат қилиб, рўзғорига барака киритмоқда.
– Меҳнатинг қадрланган жойда сидқидилдан ишлагинг келади, – дейди ишчи Собиржон Раҳимов. – Яқинда корхона маъмурияти томонидан 30 миллион сўм миқдорида рағбатлантирилдим. Президентимизнинг корхонамиз фаолиятига алоҳида эътибори бизни ғайратимизга ғайрат қўшиб, янада кўпроқ меҳнат қилишга ундамоқда.
– Мен ҳам меҳнатим эвазига 20 миллион сўм мукофот билан тақдирландим, – дейди ишчи Абдураҳмон Умаров. – Ўғлим хорижда ишлар эди, чақиртириб олдим, ҳозир ёнимда. Ҳар қанча меҳнат бўлса, ўз юртинг учун қилишга нима етсин. Айниқса, Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида корхонамиз раҳбарлари билан суҳбатини телевизорда кўриб, шундай жойда ишлаётганимдан фахрланиб кетдим.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбиркор Абдулҳафиз Шамсиддинов корхона ҳудудида замонавий сузиш ҳавзаси қураётгани, яқин келажакда болалар боғчаси, поликлиника, спорт майдонлари қуришни режалаштираётгани ҳақида гапирди.
– Юртимиз тинч, ишлайман, тадбиркорлик қиламан, деганга барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Банклар "марҳамат, қанча кредит керак?", деб турибди. Озуқа ва минерал ўғит етарли, Президентимиз мендан нима ёрдам керак, деб, шахсан эътибор қаратмоқда. Биздан фақат эзгу ният, шунга яраша ҳаракат талаб қилинади. Худди мана шулар биз эришаётган муваффақиятлар формуласи-да, ука, – дейди Абдулҳафиз Шамсиддинов. – Йил охирида келинг, бу ерларни умуман танимай қоласиз.
Манба: ЎзА