Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёш футболчиларимизнинг илк ғалабаси
2017-07-18 | Спорт
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилаётган 2018 йилги йигирма уч ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш мусобақасини ғалаба билан бошлади.
Осиё чемпионати саралаш баҳсларида терма жамоамиз аъзолари "D" гуруҳида БАА, Ливан ва Непал терма жамоалари билан баҳслашади.
Футболчиларимиз гуруҳдаги дастлабки учрашувни ливанлик тенгдошларига қарши ўтказиб, 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабага эришди. Ўйиннинг 20-дақиқасида ливанлик футболчи ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди ва терма жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бобур Абдуҳолиқов 30- ва 39-дақиқаларда рақиб дарвозасига яна иккита тўп киритди. 58-дақиқада Ливан терма жамоаси ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди. Шу тариқа, учрашув 3:1 ҳисобида футболчиларимиз ғалабаси билан якунланди.
БАА ва Непал терма жамоалари ўртасидаги баҳсда мезбонлар йирик – 5:0 ҳисобида зафар қучди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йили Хитойда бўладиган йигирма уч ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида мезбонлар билан бирга, саралаш баҳсларида ўнта гуруҳда ғолиб бўлган жамоалар ва энг яхши кўрсаткичга эга бешта давлат терма жамоалари қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.
Манба: ЎзА