Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2019 йилгача 39 лойиҳа амалга оширилади
2017-07-18 | Иқтисодиёт
“Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият бошлаган тадбиркорлик субъектларига гувоҳномалар топшириш маросими ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони иқтисодий ҳудудлар фаолиятини янада яхшилаш, инвестициявий муҳитни барқарорлаштиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз жорий йил март ойида Навоий вилоятига ташрифи давомида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди, ечимини кутаётган муаммолар хусусида фикр билдирди, зарур кўрсатмалар берди. Тадбирда ўтган даврда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
“Навоий” эркин иқтисодий зонасида яратилган қулай инвестициявий муҳит самарасида Жанубий Корея, Буюк Британия, Италия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Сингапур, Россия давлатлари билан ҳамкорликда 18 корхона фаолият юритмоқда. Киритилган инвестициялар ҳажми қарийб 124 миллион долларни ташкил этиб, 900 га яқин янги иш ўрни яратилган. Мавжуд корхоналарда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, экспортга йўналтирилмоқда. Ҳудуд “Навоий” халқаро аэропорти негизидаги логистика марказига яқин жойлашгани хорижий сармоядорлар учун қўшимча қулайликдир.
– Ҳудудда яратилган қулай инвестициявий муҳит самарасида 2017-2019 йилларда 251,4 миллион долларга тенг 39 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган, – дейди “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори А.Файзиев. – Қонунчилигимизда белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, божхона имтиёзлари сармоядорларда катта кизиқиш уйғотмоқда. Жалб этиладиган инвестициялар ҳажмига қараб имтиёзли солиқ ставкаларининг жорий этилгани тадбиркорларга ҳуқуқий ва иқтисодий кўмакдир. Шиша идишлар, светодиод ёритиш ускуналари, қурилиш материаллари каби истиқболли лойиҳалар ҳам ушбу қулайлик самарасида амалиётга жорий этилади.
Манба: ЎзА