Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Барча соҳаларда ва ҳамиша инсон манфаати устувор бўлиши керак

2017-07-18 | Сиёсат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15 июль куни пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармаси фаолияти билан танишди. 

Мамлакатимизда ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Президентимиз ташаббуси билан профилактика инспекторлари ўзи хизмат қилаётган ҳудудда яшайдиган, фуқаролар йиғинлари билан бирга ишлайдиган янги тизим яратилмоқда. Профилактика инспекторлари уй-жой, автомобиль ва замонавий техника воситалари билан таъминланмоқда. 

Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани юртимизда тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлашда муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатимиздаги барча ички ишлар органларини ўзаро боғловчи оптик толали тизим барпо этилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев 8 июль куни Наманган шаҳридаги “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори хизмат хонасида компьютер орқали Хоразм вилояти Хива тумани ички ишлар бўлими ходимлари билан видеомулоқот қилган эди. 

Пойтахтимизда ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Президентимизга ушбу соҳада қўлланилаётган техникалар ва уларнинг ишлаш жараёни, истиқболдаги режалар ҳақида ахборот берилди. 

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида «Хавфсиз шаҳар» бошқарув ситуацион маркази ташкил этилмоқда. Бу йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, патруль-пост хизмати ва бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқариш имконини беради. Корхона ва ташкилотлар, бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, GPS ва ГЛОНАСС глобал навигация тизимлари билан таъминланган хизмат автомобиллари, замонавий сигнал узатиш техникаси бунда қўл келади. 

Юнусобод тумани ҳудуди уч қисмга ажратилган ва уларда техник қўриқлаш марказлари ташкил этилган. Ҳар бир марказга муайян маҳалла ва ташкилотлар, хонадонлар ва бошқа объектлар бириктирилган. Агар ўша ҳудудда бирор хавф эҳтимоли сезилса ёки воқеа содир бўлса, марказдаги тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ тезда етиб боради. 

Яна бир эътиборли жиҳати, янги тизим сигналларни мис кабель, оптик тола, интернет, сунъий йўлдош орқали узатиш ва қабул қилиш имконини яратади. Яъни, хабар узатиш ва ишни ташкил этишда ҳеч қандай узилиш бўлмайди. 

Таҳлиллар ҳозир ушбу тизимдан фойдаланилаётган жойларда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар камайганини кўрсатмоқда. Замонавий технологияларга асосланган мазкур қўриқлаш тизимига ўтаётган корхона ва ташкилотлар, маҳалла ва хонадонлар кўпайиб бормоқда. 

Тинчлик-осойишталикни таъминлаш тизими бугунги ҳаёт талабларига мос бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев. Янги замонавий тизим самарали ишлаши учун уни пухта ўзлаштириш, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш ва такомиллаштириб бориш зарур. 

Мазкур бошқарув тизимини синовдан ўтказиш, ички ишлар ходимларининг ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкентдаги Инҳа университетида ихтисослашган кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ўқув дастурини такомиллаштириш, тизим пухта ўзлаштирилганидан кейин уни мамлакатимизнинг барча шаҳарларида жорий этиш зарурлиги таъкидланди. 

Барча соҳаларда ва ҳамиша инсон манфаати устувор бўлиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Жумладан, ички ишлар ходимларининг моддий ва маиший шароитларини янада яхшилаш, уларнинг оилалари учун кўп қаватли уйлар қуриш зарур. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигини кенгайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасида Хитой тажрибасини ўрганиш, соҳада қўлланилаётган техник воситаларни маҳаллийлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Давлатимиз раҳбари «Shifo Nur» кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, шифокорлар ва беморлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Катталар ва болаларни даволаш, ушбу йўналишда хорижнинг нуфузли клиникалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, малакали мутахассисларни жалб этиш лойиҳаси билан танишди. 

Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасида хусусий секторга кенг ўрин берилаётир. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

«Shifo Nur» кўп тармоқли тиббиёт маркази 2013 йилда ташкил этилган. 36 ўринли марказда 60 дан ортиқ малакали шифокор офтальмология, пластик жарроҳлик, педиатрия, кардиология, неврология, гинекология, отоларингология, стоматология, физиотерапия ва оптика йўналишлари бўйича аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. 

Тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш керак, деди Президентимиз. Амалиётга энг замонавий технологияларни жорий этиш билан бирга, улардан самарали фойдаланишни ҳам таъминлаш, шифокорлар билими ва малакасини муттасил ошириб бориш зарур. 

Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида 11 йиллик мактаб таълимини ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Унда маҳалла фаоллари, ота-оналар иштирок этди. 

Юртимиздан дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар етишиб чиққан. Ёшларимизни уларга муносиб маърифатли, илмли қилиб тарбиялашимиз лозим, деди Президентимиз. Бунда мактаб тарбияси алоҳида ўрин тутади. Мактабда ўқувчи маълум муҳитда шаклланади. Ўқитувчи ва ота-онасининг доимий назоратида бўлади. Мактабдан сўнг коллеж ёки лицейда бошқа муҳитга тушиб қолади. Шунинг учун ота-оналар, кенг жамоатчилик фикри, таклифи асосида 11 йиллик мактаб таълими қайта йўлга қўйилмоқда. 

11 йиллик мактаблар учун ўқув дастурларини пухта ишлаб чиқиш, уларни сифатли дарслик ва адабиётлар билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ўқувчилар мактаб қошида ёки яқин атрофдаги касб-ҳунар коллежида ташкил этиладиган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида ҳафтасига бир марта турли мутахассисликларни ўрганиш имкониятига эга бўлади. 

Мактабда ўқишни давом эттириш ёки касб-ҳунар коллежига ўтиш ўқувчининг ихтиёрида. Ўзи танласин, муҳими, уларни тарбияли, ота-онасини ҳурмат қиладиган, ватанпарвар қилиб вояга етказишимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев. 

Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи жойлашган Исломобод маҳалласида 3 минг 165 аҳоли истиқомат қилади. Лекин маҳалла ҳудудида мактаб йўқ. Ёшлар бошқа маҳаллалардаги мактабларга боришга мажбур. Учрашувда маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳудуддаги ушбу коллежни 11 йиллик мактабга айлантириш таклифини билдирди. Президентимиз ушбу таклифни ўрганиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

Шу ерда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бир гуруҳ фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш, ёш композиторлар уйини ташкил этиш ва бошқа масалалар ҳақида сўз борди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Исломобод маҳалласида яшовчи Тўлагановлар хонадонида бўлди. 

Тоҳир ака бир умр ҳайдовчи бўлиб ишлаган. Тўрт ўғилни эл ишига камарбаста инсонлар этиб тарбиялаган. 

Суҳбатда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари, фарзандлар тарбияси ҳақида сўз юритилди. 

Шавкат Мирзиёев Бўзсув канали бўйида барпо этиладиган маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан танишди. Боғда мутолаа ва мулоқот қилиш учун махсус жойлар, фавворалар барпо этилади, амфитеатр, кўргазма павильонлари, спорт ва соғломлаштириш зоналари, ҳаваскор балиқчилар клуби ташкил этилади, замонавий аттракционлар ўрнатилади. 

Президентимиз бу ерни маданият ва маънавият масканига айлантириш, ёшлар, китобхонлар учун барча шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Боғни барпо этишда табиий рельефдан оқилона фойдаланиш, турли дарахт ва гулзорларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. 

"Ўзэкспомарказ" мажлислар залида Президентимиз раислигида Тошкент шаҳри фаоллари, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Юнусобод туманини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли учун замонавий қулайликлар яратиш, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Манба: ЎзА

Поделиться