Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Прага шаҳрида Ўзбекистон фуқаролари билан учрашувлар
2017-07-13 | Сиёсат
2017 йилнинг 26 июнь ва 9 июль кунлари Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Элчихонаси (консуллик округига Чехия Республикаси ҳам киради) консуллик бўлими вакиллари Прага шаҳрида ватандошлар билан сайёр қабуллар ўтказди.
Учрашувларда 230 дан зиёд Ўзбекистон фуқаролари иштирок этди ҳамда консуллик ҳисобига қўйиш, болалар учун йўл ҳужжатларини тайёрлаш, фуқаролик ҳолати далолалатномалари, вақтинча чиқиш ёки доимий яшаш рухсатномасини олиш ва фуқароликдан чиқиш тартибига доир масалалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Прага шаҳрида вафот этган Ўзбекистон фуқароси жасадини ватанга юбориш ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ масалалар ҳал қилинди.
Норасмий маълумотларга кўра ҳозирги пайтда Чехияда турли сабабларга асосан кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари ва ватандошларимиз яшайди. Шу муносабат билан бир гуруҳ ватандошларимиз Чехияда болаларга ўзбек тилини ўргатиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш учун юртдошларимизни бирлаштирадиган Миллий маданий марказ очишга кўмак беришнини сўраб мурожаат қилди.
Ташаббускорларга тушунтирилдики, ташкилий масалалар Чехия Республикасининг амалдаги қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда ҳал этилиши лозим. Элчихона давлатимиз раҳбарининг Фармони билан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорлик ўрнатишга ёрдам беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги