Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми кенгаймоқда
2017-07-08 | Сиёсат
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифининг иккинчи куни Наманган туманидаги “Merrymed Farm”масъулияти чекланган жамиятида бўлди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда фармацевтика соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, жаҳон бозорида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
“Merrymed Farm” масъулияти чекланган жамияти хитойлик ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган. Корхона фаолияти фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сақлаш, транспорт-логистика, маркетинг жараёнларини тўлалигича ўзида қамраб олган. Иш жараёнига юқори технологик ускуналар ва электрон ахборот назорат қилиш тизимлари жорий этилган.
“Merrymed Farm” МЧЖ импорт ўрнини босувчи 10 фармакологик гуруҳдаги 100 дан ортиқ турдаги дори воситаларини ишлаб чиқармоқда.
Корхона ўсимлик ва синтетик хомашёдан дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган қатор солиқ ва божхона имтиёзлари туфайли корхонада сўнгги йилларда ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ортди. Таблеткалар, капсулалар, мазлар, гален маҳсулотлари, суспензиялар, инфузиялар, инъекциялар, қуруқ кукун кўринишидаги антибиотиклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхона замонавий фармацевтик ускуналар билан жиҳозланган. Корхонада 300 га яқин ишчи меҳнат қилади.
Шавкат Мирзиёев корхона фаолияти билан танишди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ишчиларга яратилган шароитлар билан қизиқди. Корхонада амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Соҳани янада ривожлантириш учун дунё тажрибасини ўзлаштириш керак, деди Президентимиз. Бу борада импорт ўрнини босувчи, сифатли дорилар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Фармацевтика йўналишида янги корхоналар қуришда аҳоли талабини ўрганиш, мамлакатимиз ҳудудларида турли дори воситаларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.
Бу бозорда бир турдаги дори воситалари эмас, турли фармакологик гуруҳдаги дорилар кўпайиши ва импорт ўрнини эгаллашига имконият яратади, деди давлатимиз раҳбари.
Манба: ЎзА