Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза қилиш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самарасини ошириш давлатимизнинг доимий эътибор марказида бўлади

2017-07-07 | Сиёсат

6 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий тиббиёт ўқув юртлари ректорлари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирок этди. 

Жамиятнинг бебаҳо бойлиги бўлган инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, юртимизда тиббий хизмат сифатини ошириш билан боғлиқ масалалар ҳамиша давлатимиз раҳбарининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев вилоятларга сафарлари пайтида ижтимоий аҳамиятга молик турли объектлар қатори қишлоқ врачлик пунктлари, кўп тармоқли клиникаларда бўлиб, шифокорлар ва беморлар билан бевосита мулоқот қилиб келаётгани бу борада кўплаб масалаларни жойларда самарали ҳал этиш имконини бермоқда. 

Маълумки, шу йил 5 январь ва 7 февраль кунлари тиббиёт масалалари юзасидан бўлиб ўтган мажлисларда мазкур тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, юртдошларимизда ҳақли эътироз уйғотаётган долзарб муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган, шу борада амалга оширилаётган дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилган эди. Ярим йил давомида шу мавзуда учинчи бор мажлис ўтказилаётгани албатта бежиз эмас. 

Нега деганда, йиғилишда Президентимиз ўринли таъкидлаганидек, соғлиқни сақлаш масаласи ҳар бир одамнинг кундалик ҳаётига тўғридан-тўғри дахлдор бўлиб, бу борадаги муаммолар аҳолининг саломатлигига, охир-оқибатда жамиятимизнинг ижтимоий кайфиятига, халқнинг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончига, ҳеч шубҳасиз, энг кучли таъсир кўрсатадиган соҳадир. 

Шунинг учун ҳам мана шу ўта муҳим, ҳал қилувчи масалани ечмасдан туриб, бошқа соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти ҳақида гапириш умуман мумкин эмас. 

Йиғилишда тиббиёт соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида кейинги пайтда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар эътироф этилди. 

Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилгани, фаолияти тугатилаётган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилганини қайд этиш лозим. 

Шу билан бирга, шу йилнинг ўзида жойларга етказиб берилиши керак бўлган 1 минг 200 “тез ёрдам” машинасидан 1 июлгача жами 646 дона автотранспорт, жумладан, Тошкент шаҳри бўйича 126 дона “Дамас” етказиб берилгани муҳим амалий қадам ҳисобланади. 

Айни пайтда соғлиқни сақлаш соҳасида бир қатор камчиликлар ҳам кўзга ташланаётгани мажлисда танқидий таҳлил асосида кўрсатиб берилди. Хусусан, патронаж ишлари талаб даражасида эмаслигига урғу берилди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига патронаж хизматининг мазмун-моҳияти ва асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйиладиган алоҳида Низом тайёрлаш вазифаси топширилди. 

“Биз энди тиббиёт муассасаси, жумладан, патронаж хизматининг фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратишимиз керак”, деди давлатимиз раҳбари. 

Йиғилишда яна бир долзарб муаммо – минтақа ва ҳудудларда шифокор кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ масала ҳам муҳокама қилиниб, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мақсадида тиббиёт ходимлари учун зарур шароитлар яратиш, жумладан, уларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар, истеъмол кредитлари билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берилди. 

Йиғилишда яна бир устувор йўналиш – республикамизда соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришнинг мавжуд ҳолати атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелда қабул қилинган қарорига биноан хусусий тиббиёт муассасасалари фаолиятига чекловлар бекор қилиниб, қатор имтиёзлар берилгани, улар учун барча турдаги юқори технологик операцияларни амалга оширишга рухсат этилгани таъкидланди. Лекин яратиб берилган катта имкониятларга қарамасдан, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилинди. Бу масалада, айниқса, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида жиддий камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. 

Маҳаллий ҳокимликлар хусусий тиббиёт соҳасига сармоя жалб қилиш масаласига, янги муассаса ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга етарли даражада эътибор бермаётгани билан боғлиқ камчиликлар танқид қилиниб, соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Жумладан, шу борада “Асакабанк” қошида Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан қўшимча молиявий манбалар ҳисобидан ушбу жамғармага 14 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. 

Йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, айниқса, хусусий тиббиёт тармоғини кенгайтириш бўйича ишларнинг аҳволи учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан масъул экани ва ҳар чоракда Президентга ҳисобот бериши алоҳида таъкидланди. 

Айни вақтда хорижий мамлакатлардан юқори малакали шифокор мутахассисларни юртимизга таклиф этиб, уларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар кўриш зарурлиги ҳақида топшириқлар берилди. 

Йиғилишда олиб борилаётган доимий мониторинг ишлари дори-дармон таъминоти ва нархи масаласида ҳам ҳанузгача жиддий муаммолар борлигини кўрсатаётгани аниқ мисоллар асосида қайд этилди. Мутасадди ташкилотларга нархлари чекланган дори воситалари ишлаб чиқариш, уларнинг дорихоналарда доимо мавжуд бўлиши ва рецепт асосида берилишини таъминлаш каби тадбирлар механизмини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. 

Йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар, компаниялар ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлари, бир қатор вилоят ва туманлар ҳокимларининг ахборотлари тингланди.

Манба: ЎзА

Поделиться