Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат органларида очиқликни таъминлаш истиқболлари
2017-06-23 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси «Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги: самарали механизмлар» мавзуида семинар ўтказди.
Қуйи палата Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ва бошқалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчиликни Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг амалга оширилиш жараёни ҳақида хабардор этиш мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш, кучли фуқаролик жамиятини қуришнинг муҳим йўналишлари эканини таъкидлади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор ахборотларни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир. Қонун фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланишини ҳуқуқий кафолатлаш билан бир қаторда давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг шакл ва услублари, давлат органлари ва жамият ўртасидаги ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ механизмларини белгилаб берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши шакллантирилди. Кенгаш ишлаб чиққан методика ҳамда регламент асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторинги олиб борилмоқда. Мониторинг натижалари ҳар йили икки маротаба (1 январь ва 1 июль ҳолатига) эълон қилиб борилмоқда.
Семинар иштирокчилари жамоатчилик кенгаши фаолияти, кенгаш томонидан амалга оширилаётган давлат органларининг «очиқлик индекси»ни баҳолаш ва мониторингини ўтказиш натижалари билан танишди. Давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, ишончли ва долзарб ахборотни жамоатчиликка етказишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишдаги ижобий тажрибалар ўртоқлашилди.
Тадбирда давлат органлари қошида жамоатчилик маслаҳат кенгашларини шакллантириш, «Ишонч телефонлари»нинг фаолиятини белгиловчи ташкилий-техник қоидаларни қонунчилик билан мустаҳкамлаш сингари амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича фикрлашилди.
Манба: ЎзА