Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тез тиббий ёрдам бригадаларининг кечикиши олди олинмоқда
2017-06-23 | Жамият
Юртимизда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида том маънода янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу, албатта, соғлиқни сақлаш тизимининг шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир маъруза ва нутқларида, учрашувларда халқимизни рози қилиш учун, энг аввало, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондириш ниҳоятда зарурлигини куюнчаклик билан бот-бот таъкидламоқдалар.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларида шунингдек, Президентимиз раислигида 30 март куни ўтказилган видеоселектор мажлисда ҳам тизимнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, мавжуд масалаларни ҳал этишда, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим бурилиш ясаб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 март куни имзоланган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдамнинг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятли бўлди.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими: долзарб масалалар ва истиқболдаги режалар” мавзусидаматбуот анжумани ўтказилди.
Тадбир мамлакатимизда шошилинч ва тез тиббий ёрдам соҳасида қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини чуқурроқ ўрганиш, яратилаётган имконият ва қулайликлардан аҳолини яқиндан таништириш ҳамда тизим олдида турган вазифалар ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолига шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўзига хос инфратузилма яратилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошидаги бўлимлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги тез тиббий ёрдам хизмати станциялари ва санитар авиация хизмати халқимиз саломатлиги йўлида фаолият юритаётир.
Мазкур хизмат ўз олдига аҳолига малакали ихтисослаштирилган, юқори технологияли шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда тиббий хизмат кўрсатиш, самарадорлиги бўйича жаҳон талабларига мос келадиган шошилинч тиббий ёрдам тизимини ташкил этиш, хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш каби вазифаларни мақсад қилиб қўйган.
Энг асосийси, соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида шошилинч тиббий ёрдам тизимида йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилмоқда.
Шошилинч ҳолатларда беморга ёрдам кўрсатиш учун зарур воситаларга эга бўлган шошилинч ёрдам бригалари зудлик билан етиб бориши муҳимдир. Шундан келиб чиқиб, йил охиригача 1200 та тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситаси сотиб олиниши режалаштирилган бўлса, шу кунларда зарур воситалар билан жиҳозланган 200 га яқин тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилиниб, эҳтиёж баланд бўлган ҳудудларга етказиб берилди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг жорий йил 13 февралдаги “Тез тиббий ёрдам автотранспортларининг ихтисослаштирилган ва умумтармоқ бригадаларини, тез тиббий ёрдам хизмати чақириқларида кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун зарур бўладиган дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш нормативларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғига кўра, тез тиббий ёрдам хизматининг битта махсус бригадасида 41 номдаги, умумтармоқ бригадасида эса 36 номдаги дори воситалари бўлиши белгиланди ва улар билан таъминлаш ишлари жадаллик билан олиб борилаётир.
Бундан ташқари, шошилинч ҳолатларда тиббий ёрдам бригадаси ишини ташкиллаштирувчи асосий бўғин — тез ёрдам хизмати диспетчерлари қайта ўқитилиб, уларга нисбатан талаблар ҳам оширилди. Энди диспетчерларнинг касбий маҳорати ва малакасини мустаҳкамлаш учун улар қайта ўқитилади. Чунки бугунги кун диспетчерининг вазифаси фақат мурожаатни ёзиб олиб, уни керакли мутахассисга етказиш эмас, зарур ҳолатда у мурожаат қилувчига тез тиббий ёрдам бригадалари етиб боргунига қадар кўрсатилиши лозим бўлган биринчи тиббий ёрдам бўйича маслаҳатлар бера олиши ҳам керак.
Олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, бирламчи тиббий бўғинда тиббий хизматнинг тезкорлигини таъминлаш ва шу орқали шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматга тушаётган юкламаларни енгиллаштириш мақсадида яқинда пойтахтимиздаги жами 60 та шаҳар оилавий поликлиникаларнинг ҳар бирига иккитадан, жами 120 дона “DAMAS” русумли автомашиналар топширилди. Эндиликда беморларнинг уйига бориб, энг керакли тиббий муолажаларни амалга ошириш, зарур ҳолатларда уларни оилавий поликлиника ёки бошқа тиббиёт муассасасига етказиб бориш хамда патронаж хизматини кўрсатиш каби вазифалар ўз вақтида, кечиктирилмай амалга оширилади. Автомашиналар ўз ҳудуди бўйлаб ҳаракатлангани боис, йўллар тирбандлигидан келиб чиқадиган тез ёрдам биригадаларининг кечикиши каби ҳолатларнинг олди ҳам олинади.
Тадбир давомида мазкур тизимнинг бугунги ҳолати, тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича Президентимиз томонидан белгиланган аниқ вазифалар ижроси ҳақида ҳам сўз юритилди.
Шошилинч тиббий ёрдам ҳақида сўз борганда биз, аввало, кафолатланган, сифатли ва тезкор тиббий ёрдамни тасаввур қиламиз. Бугун юртимизда ушбу соҳани ривожлантириш йўлида белгиланган вазифалар ва берилаётган имтиёзлар, соҳа учун ажратилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналар тизим мутахассислари олиб бораётган илмий изланишларнинг савиясини юксак даражада ошириш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Бу эса тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳар бир мурожаатига амалий ёрдам билан жавоб қайтариш, энг муҳими, халқимизни ушбу тизим фаолиятидан рози бўлишига эришишга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги