Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорликни ривожлантириш, имкониятлардан тўла фойдаланиш халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади
2017-06-23 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 22 июнь куни Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
Фарғона вилояти ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари, ривожланган саноат ва коммуникация тармоқлари билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 6,1 фоиз ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, қурилиш, хизматлар кўрсатиш соҳаларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.
Саноат маҳсулотининг 96 фоиздан ортиғи кимё, нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, машинасозлик ва қурилиш материаллари тайёрлаш каби замонавий тармоқларда ишлаб чиқарилмоқда. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, “Фарғонаазот”, “Автоойна”, Қўқон механика заводи, “ДЭУ текстиль Фарғона”, “Қўқон Индорама текстиль” каби йирик саноат корхоналари нафақат вилоят, балки мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўрин эгаллайди.
Замонавий саноат тармоқларини ривожлантириш, халқаро бозорда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилиш тизимли равишда давом эттирилмоқда. Экспорт қилувчи корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятига кенг жалб этилаётгани самарасида вилоятнинг бу борадаги салоҳияти муттасил ошиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилаётган “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси бу борадаги имкониятларни янада кенгайтиради.
Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Бу соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 62 фоизга, экспортдаги улуши 58 фоизга етган. Меҳнат билан банд аҳолининг 81 фоизи шу соҳада ишламоқда.
Вилоятнинг омилкор деҳқон ва фермерлари қишлоқ хўжалигида улкан натижаларга эришмоқда. Такрорий экинлардан, томорқадан унумли фойдаланиб, қўшимча даромад топмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Фарғона вилоятини ҳам ҳар томонлама ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш борасида аниқ режа ва мақсадлар баён этилган эди.
Давлатимиз раҳбари Фарғона асаларичилик ишлаб чиқариш ўқув марказига ташриф буюрди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бозорларимизнинг тўкинлигини таъминлаш, аҳолига сифатли, арзон ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилаётир. Асаларичиликни янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Вилоят асаларичилар уюшмаси қошида ташкил этилган мазкур ишлаб чиқариш ўқув марказида барча шароит яратилган. Марказда йилига 600 нафар мутахассис ўқитилади. Замонавий ўқув режа асосида олимлар томонидан амалиёт дарслари ўтилади.
Шавкат Мирзиёев марказда амалиёт ўтаётган коллеж ўқувчилари билан Фарғона асаларичилиги тарихи, асалнинг шифобахш хусусиятлари, таълим жараёнида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашди.
Фарғона туманидаги технология касб-ҳунар коллежи ўқувчилари Ботирали Мавлонов ва Дилнавоз Эшматова Президентимизга ёшларга яратиб берилаётган имконият учун миннатдорлик билдирди.
Вилоятда 1000 дан ортиқ асаларичилик субъекти рўйхатга олинган. Ички бозорни арзон, сифатли маҳсулот билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор шифобахш табиий неъмат ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Марказда илмий-тадқиқот лабораторияси, тренинг заллари, кутубхона, электрон архив базаси, асални қайта ишлаш ва қадоқлаш цехи, тикувчилик, мум-парда, асбоб-ускуна ва асалари уяси ишлаб чиқариш цехлари фаолият юритмоқда. Асаларичиликда наслчилик лабораторияси, қарийб 2 гектар экспериментал боғ ва асал берувчи ўсимликларни етиштиришга мўлжалланган экин майдони ташкил этилган.
Фарғона давлат университетида асаларичилик бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш керак, деди давлатимиз раҳбари. Агар мазкур соҳанинг илмий асослари пухта ўргатилса, бошқа вилоятлардан ҳам ёшлар ўқишга келади. Хорижий давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма корхона ташкил қилиш лозим.
40 кишининг бандлиги таъминланган марказда бир йилда 7 минг дона асал уяси, 7 минг 500 дона ёстиқча, 3 минг дона махсус кийим ва юз ниқоби ишлаб чиқарилади.
Бир кечаю кундузда 200 килограмм мум-парда тайёрланади. 200 тонна асални қадоқлаш цехи ишлаб турибди. 2016 йилда вилоятларга 20 минг дона, чет давлатларга 30 минг дона сифатли асалари пакетлари етказиб берилди.
Шавкат Мирзиёев асалари уялари ва ускуналари ишлаб чиқариш цехида олиб борилаётган иш жараёни билан танишди.
Шу ерда Халқ банки томонидан вилоятда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Қўштепа туманида ташкил қилинадиган 2 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш лойиҳаси 2018 йилнинг учинчи чорагида тўла қувват билан ишга туширилади. Комплексда 180 киши иш билан таъминланади. Йилига 4 минг тоннадан ортиқ сут, 150 тонна гўшт қайта ишланади.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан Фарғона вилоятида 2017-2021 йилларда ипакчиликни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилгани маъқулланди.
Пиллачиликни янада ривожлантириш учун тут плантацияларини ташкил қилиш керак. Соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, пиллачиликда аҳолининг доимий иш билан таъминланишига эришиш лозим.
Президентимиз Фарғона туманидаги “Миндонобод агросаноат” агрофирмасига ташриф буюриб, вилоят қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Мамлакатимизда сифатли мева-сабзавот етиштириш ва аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, узум етиштиришни кўпайтириш, маҳсулотни экспорт қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
“Миндонобод агросаноат” агрофирмаси узумчиликка ихтисослашган бўлиб, 720 гектарга саноатбоп узум навлари экилган. Корхона йилига 5 минг тонна маҳсулот етиштириш, 3 минг тонна узумни бирламчи қайта ишлаш, 650 минг дона брикет ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун 89 киши доимий, 300 дан ортиқ киши мавсумий ишга жалб этилган. Токзорларни парваришлашда томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланилади.
Агрофирма томонидан мавжуд токзорларни минг гектарга етказиш орқали йилига 15 минг тонна узум етиштириш, 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспортга йўналтириш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун 450 минг туп ток қаламчаси ўтқазилиб, Хитойнинг қуёш энергиясида ишлайдиган суғориш тизимлари ўрнатилади. Ушбу лойиҳа тўла ишга тушгач, 250 киши иш билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун барча имкониятлар яратилганини, куни кеча эълон қилинган “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор соҳа вакиллари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Фарғона вилоятида тадбиркорлик илмини эгаллаган уддабурон ишбилармонлар кўп. Аммо одамлар ҳамиша ҳам меҳнатига яраша даромад олмаган. Бу адолатсизликка чек қўйиш керак. Янги қарор билан яратилаётган имтиёзлар уларнинг қилаётган ишидан манфаатдорлиги ортишига, ўзи, оиласи ва жамият учун фойда келтиришига, фаровон ҳаётга эришишига хизмат қилади, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда “Ўзвиносаноат холдинг” компанияси томонидан 2017-2018 йилларда Фарғона вилоятида амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Компания томонидан тижорат банклари билан ҳамкорликда қиймати 63 миллиард 256 миллион сўмлик 6 лойиҳани амалга ошириш, 200 га яқин иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда. Натижада вилоятда бўш ётган ерларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш бўйича йирик қувватлар ташкил этилади, экспорт ҳажми ортади.
Қува туманидаги “Big agro logistic” масъулияти чекланган жамияти томонидан мева-сабзавотни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш ва экспорт қилишга мўлжалланган замонавий логистика маркази ташкил этилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 7,2 миллион доллар бўлиб, биринчи йилда 6,5 миллион доллар, беш йилдан сўнг 10 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиш мўлжалланмоқда. Логистика марказига Италия ва Туркиядан келтириладиган технологик линиялар ўрнатилади. 5 минг тонналик совутгич, 7 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари ташкил этилади. Лойиҳа ишга тушгач, 180 иш ўрни яратилади.
Қўқон шаҳридаги “Elit konserva” масъулияти чекланган жамиятида мева-сабзавотни қадоқлайдиган тунука идишлар ва қопқоқлар ишлаб чиқариш, Олтиариқ туманидаги “Eco Export Trade” масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саралаш, қуритиш ва сақлашга мўлжалланган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар вилоят экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда алоҳида аҳамиятга эга.
Бу йил Қува туманидаги “Фарғона анорзори” масъулияти чекланган жамиятида 50 гектарда янги анорзор барпо этилган. Анорзор қатор ораларига помидор, бодринг, булғор қалампири ва бошқа сабзавотлар, дуккакли экинлар экилган.
Агрофирма томонидан келгуси йилларда анорзорларни 2 минг гектарга, ҳосилдорликни 30 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.
Президентимиз Қува ва Дашнобод анори дунёга машҳур экани, ҳар иккала навнинг ўзига яраша хусусиятлари мавжудлигини таъкидлади. Анор чиқитсиз маҳсулот бўлиб, пўстлоғидан кимё саноатида ранг олишда, фармацевтикада хомашё сифатида фойдаланиш мумкин. Вилоятда анорзорларни кенгайтириш ва ушбу маҳсулот экспортини кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.
Миллий банк томонидан вилоятда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар намойиш қилинди. Қиймати 64,4 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳалардан 10 таси Хитой давлат тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилган. Қолган 5 лойиҳани йил охирига қадар молиялаштириш кўзда тутилган. Бунинг самарасида 2017-2018 йилларда 68 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот қайта ишланиб, 25,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.
Давлатимиз раҳбари Учкўприк туманидаги собиқ консерва заводи негизида амалга оширилаётган лойиҳани ҳам кўздан кечирди.
Лойиҳа ташаббускори “Воллей Моунтаинс Фреш” масъулияти чекланган жамияти бўлиб, 10,5 миллиард сўм, жумладан, “Ипотека-банк”нинг 7,4 миллиард сўмлик кредити ҳисобига корхонанинг мавжуд қувватлари модернизация қилинади, мевани сақловчи музлатгич ва қадоқловчи ускуналар ўрнатилади.
2018 йилнинг биринчи чорагида лойиҳанинг биринчи босқичи, тўртинчи чоракда иккинчи босқичи ишга туширилади. Натижада минг тонна томат пастаси, шунча пюре ва концентрат, мева-сабзавот консервалари аҳоли истеъмоли учун етказиб берилади. Маҳсулот экспортга ҳам йўналтирилади. Лойиҳа 170 кишини иш билан таъминлаш имконини беради.
Президентимиз вилоятда қайта ишлаш саноатини ривожлантириш учун барча имконият, хомашё ва ишчи кучи мавжудлигини таъкидлади. Улардан унумли фойдаланиш, тармоққа тадбиркорларни кенг жалб этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Давлатимиз раҳбари Эркин Воҳидов номидаги Марғилон шаҳар маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўзбек адабиётининг йирик вакили ижодий меросини ўрганиш, мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз бўйлаб шоирнинг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Марғилон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғига Эркин Воҳидов номи берилиб, қайта реконструкция қилинмоқда.
Истироҳат боғининг майдони 9 гектардан 16 гектарга кенгайтирилди. Боғнинг кириш қисмида ёзувчи-ижодкорлар хиёбони ташкил этиш, Эркин Воҳидов ҳайкалини ўрнатиш кўзда тутилган.
Турли тадбирлар ўтказиладиган амфитеатр, ош маркази ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этиш белгиланган. Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактаби очилади. Боғда турли аттракционлар ўрнатилиб, бир неча чойхона аҳолига хизмат кўрсатади.
Президентимиз қаҳрамон шоиримиз номи билан аталадиган ушбу боғ ҳар томонлама мукаммал бўлиши, уни ёшлар маънавиятини юксалтирадиган масканга айлантириш, хиёбонга Эркин Воҳидовнинг энг сара шеърларидан намуналар ёзилган лавҳалар ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Бу ерга келувчилар Эркин Воҳидов шеърларидан баҳраманд бўлсин, маънавий оламини янада бойитсин.
Шу ерда Фарғона вилояти шаҳарлари ва туман марказларини замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ривожлантириш бош режаси, Марғилонда туризмни ривожлантириш дастури, тижорат банклари томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Дастур доирасида уй-жой қуриш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тизимлари, ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада ривожлантириш соҳаларида ўнлаб лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари Марғилон ҳунармандлар марказини ташкил этиш, соҳа ходимлари учун қулай солиқ имтиёзлари, зарур шарт-шароитлар яратиш, бошқа лойиҳаларни ҳам янада мукаммаллаштириш, қурилиш ишларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
22 июнь куни Марғилондан Қўқонга илк бор электропоезд ҳаракати йўлга қўйилди. Президентимиз ушбу поездда Қўқонга келди. Қўқон шаҳридаги “Шаффоф метан саноат” масъулияти чекланган жамиятида иқтисодий лойиҳалар билан танишди.
Халқимиз фаровонлиги юксалгани сари мамлакатимизда транспорт воситалари кўпайиб бормоқда. Уларнинг ёқилғига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида сиқилган ва суюлтирилган газ баллонлар ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда.
“Шаффоф метан саноат” МЧЖ томонидан шу йўналишдаги замонавий корхона ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун эски “Қўқонмаш” заводининг бўш турган биноларида замонавий технология ўрнатилади. Йилига 100 минг дона газ баллони ишлаб чиқариш ва автотранспорт воситаларига ўрнатиш йўлга қўйилади. Корхонада 30 иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу маҳсулотларга бўлган талаб билан қизиқди. Газ билан юрадиган транспорт воситалари кўпайса, бензин ва дизель ёқилғисига талаб камаяди. Натижада соҳадаги хизматлар арзонлашади, имкониятлар кенгаяди.
Маҳсулот таннархини арзонлаштириш, ишлаб чиқаришни икки баробар ошириш, соҳага ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қўқон шаҳрида ҳунармандликни ва туризмни ривожлантириш борасида ҳам қатор лойиҳалар белгиланган. Жумладан, ҳунармандлик ва заргарлик марказлари ташкил этиш, замонавий меҳмонхона қуриш режалаштирилган. Улар қатор солиқ имтиёзларига эга бўлади, аҳоли бандлигини таъминлаш, фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳарда амалга оширилиши режалаштирилган яна бир лойиҳа – Wi-Fi тармоғини барпо этиш лойиҳаси аҳоли ва сайёҳларга қўшимча қулайлик яратади.
Лойиҳалаштирилган тиббий хизмат ва стационар даволаш маркази инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бу ерда АҚШнинг “Женерал электрик” компаниясининг замонавий тиббий жиҳозлари ўрнатилади. Марказ йилига 25 минг 500 кишини даволаш, 500 жарроҳлик амалиёти ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Президентимиз аҳоли саломатлиги билан боғлиқ бу мажмуа қурилишини тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев “Имано групп” корхонаси негизида полиуретан қопламали тайёр чарм ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаси билан танишди. Лойиҳа амалга оширилгач, 250 иш ўрни ташкил этиш имконияти яратилади.
Бу соҳадаги мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланмаяпмиз, деди давлатимиз раҳбари. Тизимдаги корхоналарни барқарор хомашё билан таъминлаш зарур. Хом терини йиғиш, сифатли тайёрлаш ва қайта ишловчиларга етказиб беришга ихтисослашган корхоналар ташкил этиш керак.
Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Қўқонда эркин иқтисодий зона барпо қилинмоқда. Ушбу ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Иқтисодий зонага хорижий технология ва инвестицияларни жалб этиш, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу ерда тижорат банклари томонидан амалга ошириладиган, чиқиндиларни комплекс бошқариш кластерини ташкил этишга қаратилган лойиҳалар ҳам намойиш этилди.
Давлатимиз раҳбари Қўқон шаҳар театрини бориб кўрди. Мамлакатимизда маданият ва санъатни янада ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Қўқон шаҳар театри 1987 йилда қурилган. Театр биноси, жумладан, 750 томошабинга мўлжалланган зал замонавий таъмирланган.
Президентимиз ижодкорлар билан мулоқотда театрнинг халқ орасидаги обрўйи ва нуфузини янада ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Театрни ҳақиқий маънавият ўчоғига айлантириш учун аввало яхши асарлар керак, деди давлатимиз раҳбари. Бунинг учун бу ерда таниқли санъат намоёндалари, драматурглар билан учрашувлар ташкил этиб, ижодий муҳит яратиш зарур.
Ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун алоҳида кўп қаватли уй-жой бунёд этиш, театрнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Актёр ва режиссёрларнинг малакасини ошириш, ёш мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг Фарғона филиали тажриба хўжалигида бўлиб, ғалла ўрими ва ғўза парваришини кўздан кечирди.
Фарғоналик деҳқонлар азалдан пахта ва ғалла етиштириш, боғдорчилик соҳасида катта тажриба тўплаган. Ғалла ўрими қизғин давом этмоқда. Ғўза парвариши агротехник тадбирлар асосида олиб борилмоқда.
Мазкур тажриба хўжалигида 21,3 гектарда ғўзанинг “ЎзФА-710”, 9,2 гектарда ғалланинг “Яксарт” нави экилган. Хўжаликда йигирмадан зиёд киши меҳнат қилади. Давлатимиз раҳбари ғалла йиғим-теримида иштирок этаётган фермерлар билан мулоқот қилди.
Нон – энг азиз неъмат. Ғаллачиликни ривожлантириш, истиқболли, серҳосил навларни яратиш, ҳосилдорликни ошириш бўйича барча чораларни кўриш олимларимиз ва деҳқонларимиз олдидаги муҳим вазифалардандир. Бунинг учун фан ва амалиёт ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарур, деди Президентимиз.
Фарғона шаҳрида Президентимиз раислигида мутасадди раҳбарлар ва вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят иқтисодиётини янги босқичга кўтариш, инфратузилмани ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Манба: ЎзА