Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ватикан Элчиси билан учрашув
2017-06-22 | Сиёсат
2017 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ватиканнинг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Челестино Милорени (қароргоҳи Москва шаҳрида) қабул қилди.
Вазир ишонч ёрлиқларини қабул қилди ва Элчини мамлакатимизда ўз дипломатик миссисиясини бошлагани билан табриклади.
Қисқа маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг, жумладан динлараро мулоқот доирасидаги алоқаларнинг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.
2017 йил 7 февралда Ўзбекистон Президенти 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқлади. Мазкур ҳужжат давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий тармоқни ислоҳ қилиш, шунингдек, ҳавфсизликни, хусусан миллатлараро бирдамлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашнинг асосий тамойиллари ва ташқи сиёсатни назарда тутади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинчлик ва бирдамликда яшамоқда, 138 та миллий маданият марказлари, 34 та дўстлик жамиятлари, 16 та диний конфессиянинг 2 мингдан ортиқ диний ташкилотлари фаолият юритмоқда.
Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Ватикан ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан сўнг 25 йил мобайнида турли миллатлар ва дин вакиллари ўртасида дўстлик ва ўзаро бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган шерикликнинг ижобий ташрибаси орттирилди.
Суҳбат чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Анвар Илёсов олган сурат
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги