Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эҳтиёжманд оилалар ҳам уйли, ҳам ишли бўлмоқда
2017-06-20 | Жамият
Сурхондарё вилоятида турар-жойга эҳтиёжманд ва меҳнатга лаёқатсиз бир гуруҳ ногирон хотин-қизларга замонавий тикув машиналари топширилди.
Шеробод тумани ҳокимлигида ўтказилган тадбирда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари аҳоли томонидан ўртага ташланаётган муаммо ва таклифларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва холисона ҳал этишда юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг ўтган даврида келиб тушган мурожаатларнинг 60 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ижтимоий ҳимоясини ҳамда кексалар ва имконияти чекланган фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларга муносиб турмуш шароити яратиш муҳим вазифа сифатида белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига уй ёки турар-жой қуриш учун ер ажратилишини сўраб мурожаат қилаётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Турар-жойга муҳтож фуқаролар орасида меҳнатга лаёқатсиз ногирон хотин-қизлар ҳам бор. Мамлакатимизда бу масаланинг ҳам ечими топилган. Уларни бепул замонавий тикув дастгоҳлари билан таъминлаш, “Ўзбекистон темир йўллари” ва “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятлари таркибидаги корхоналарга касаначилик асосида ишга қабул қилиш йўлга қўйилган.
– Турар-жойга муҳтож ногирон касаначиларга таклиф этилган янгиланган лойиҳалар асосидаги арзон уйнинг бошланғич тўловини ишга қабул қилган корхона ўз маблағи ҳисобидан амалга ошириб беради, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова. – Қолган қисми тижорат банкининг узоқ муддатли имтиёзли кредити ҳисобидан қопланади. Бепул топширилган тикув машиналари ёрдамида улар уйида мазкур корхона учун зарур тикувчилик маҳсулотлари тайёрлаб беради. Уй меҳнатига жалб этилган ногирон хотин-қизларнинг дастлабки иш ҳақи янги уй учун амалга оширилган бошланғич тўловни қоплашга йўналтирилади. Бунинг самарасида ногирон аёллар бир йўла ҳам уйли, ҳам ишли бўлади.
Бундай эътибор уй-жойга муҳтож ногирон хотин-қизларни руҳлантириб, уларнинг ўз кучига, эртанги кунига ишончини мустаҳкамламоқда.
– Иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди Шеробод туманидаги Чинобод маҳалласида истиқомат қилаётган Муқаддас Шайдулова. –Гуваладан қурилган кичкина ҳовлида икки оила яшаймиз. Бир қизимиз бор. Турмуш ўртоғим фермер хўжалиги ишчиси. Уй сотиб олишга имкониятимиз етмайди. Тикувчилик касбига жуда қизиқаман. Замонавий тикув машинаси харид қилиш катта орзуим эди. Мана, бугун замонавий тикув машинасини бепул бериб, касаначи сифатида ишга қабул қилишди. Энди барча буюртмаларни уйда ўтириб бажариб бераман. Энг муҳими, ишли бўлдим. Худо хоҳласа, ҳадемай янги уйли ҳам бўламиз. Бундай самарали тизим йўлга қўйилганидан хурсандмиз.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА