Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида 2017 йил 17 июнь куни магистрларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Ҳар ўқув йилида магистрларга диплом топшириш маросими университетда тантанали равишда, байрамона руҳда ўтказилади. Бу йил ҳам анъанага содиқ қолган ҳолда ушбу маросим тантанали, байрамона руҳда ташкил этилди.
Бу йил 9 та мутахассислик бўйича 151 нафар талаба магистрлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, “Магистр” унвонига эга бўлишди.
Университетда магистрларнинг билим олишлари ва илмий фаолият олиб боришлари учун ҳамма имкониятлар яратилган. Бугунги кунда катта фондга эга бўлган ахборот ресурс маркази, виртуал лаборатория ишлари ва маъруза матнлари билан бойитилган электрон кутубхона магистрлар хизматида. Бундан ташқари, интернет тизимидан кенг фойдаланиш ҳам йўлга қўйилган. Университет магистрлари хорижий мамлакатларнинг олий ўқув юртларида ҳам малакаларини ошириб келмоқдалар.
Бу йилги битирувчиларнинг магистрлик диссертацияларининг юқори даражада тайёрланганлиги Давлат аттестацияси Комиссияси томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Айниқса, 30 га яқин магистрлик диссертацияларининг чет тилларида ҳимоя қилинганлиги эътиборга сазовордир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги