Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш бошланди

2017-06-16 | Жамият

15 июнь куни мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш бошланди. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида мамлакатимизда таълим тизимини тубдан янгилаш борасидаги ислоҳотларда ўқитиш тизимининг барча бўғинларини сифат ва мазмун жиҳатдан янгилаш, билим даргоҳлари фаолиятини замон руҳига монанд йўлга қўйиш юзасидан амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан иқтисодиётнинг турли соҳалари учун талаб ва эҳтиёж юқори бўлган кадрларни тайёрлаш, ёшларнинг бандлигига алоҳида эътибор қаратиш, олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида муҳим вазифа сифатида белгиланган. 

Президентимизнинг 2017 йил 5 майдаги "2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги қарори мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Унга кўра 2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 66 минг 316 нафардан иборат. Шу билан бирга, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Навоий давлат кончилик институтида махсус сиртқи бўлимларга ҳам абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш бошланди. 

Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 26 августдаги "Автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Тошкент автомобиль-йўллар институти Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти этиб қайта ташкил этилган. 

Мазкур институт қабул комиссияси масъул котиби Анвар Назаровнинг айтишича, бу йил бакалавриатга етти йўналиш бўйича ҳужжат қабул қилинса, улардан қиймат инжиниринги, шаҳар йўллари ва кўчалари мутахассиси, транспорт логистикаси каби янги йўналишлар ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу ерда абитуриентларни касбларга тўғри йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

– Бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида кенг ва равон йўллар, халқаро талабларга тўлиқ жавоб берувчи кўприклар барпо этилмоқда, – дейди Тошкент автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежи битирувчиси Азимжон Нурматов. – Замонавий транспорт иншоотлари одамларнинг оғирини енгил қилишга, иқтисодиёт ривожига хизмат қилмоқда. Автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилишга оид касб мамлакатимиз тараққиёти учун жуда зарур мутахассисликка айланди. Шу соҳада пухта билим олишни орзу қиламан. 

Абитуриентлар учун математика, физика, ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, хорижий тиллар бўйича консультатив машғулотлар жадвал асосида ташкил этилгани ёшлар билимини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ташкил этилган қабул комиссияси ҳам ёшлар билан гавжум. Мамлакатимизда аграр соҳани жадал ривожлантириш, ер, сув ресурсларидан унумли ва оқилона фойдаланиш, бу борада илғор техника ва технологияларни жадал жорий этиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаётгани малакали кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг янада ортишида асосий омил бўлмоқда. 

Институт қабул комиссияси масъул котиби Абдураҳим Бердиевнинг айтишича, бу йил бакалавриатнинг 25 таълим йўналиши бўйича ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Техника ва технологиялар техник экспертизаси ва маркетинги (қишлоқ ва сув хўжалигида), қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникалари техник сервиси, мелиоратив гидрогеология каби қатор янги йўналишлар жорий этилган. 

– Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш йўналишига ҳужжат топширдим, – дейди андижонлик Баҳром Арзиев. – Ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун ҳамма шароитлар яратилган. Буларнинг бари мавжуд имкониятлардан унумли ва оқилона фойдаланишни, тинимсиз ўқиб, изланишни талаб этмоқда. 

Мазкур олий таълим даргоҳида ҳам ёшларга касб йўналишлари ҳақида тўлақонли маълумотлар бериш мақсадида турли баннер, плакатлар, инфокиосклар ўрнатилган. Бу ерда олий таълимга оид қонунчилик ҳужжатлари, қабул квоталари, абитуриентлар учун қўшимча маълумотлар эълонлар тахтасига қўйилган. Абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш компьютер техникаси билан таъминланган биноларда амалга оширилмоқда. 

Олий таълим муассасаларига ҳужжатлар қабул қилиш 15 июлгача давом этади.

 

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться