Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси дунё эътиборини тортмоқда
2017-06-13 | Иқтисодиёт
Остона шаҳрида давом этаётган ЭКСПО – 2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазмада 120 дан отиқ мамлакат технологик, илмий, маданий ютуқларини намойиш қилаётир. Ўзбекистон кўргазмаси барчанинг эътиборини тортмоқда.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг намойиши учун ажратилган бинонинг биринчи қаватидан қиёс. Бу ерда қуёш, шамол ва сув энергияси, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабалари томонидан робототехника йўналишида яратилган маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Кўпчиликда сув ёрдамида ҳаракатланадиган "Matiz" автомобили катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Тўғри, дунё автомобиль саноати учун сув ёрдамида ҳаракатланадиган машина янгилик эмас. Аммо бошқа муқобилларидан фарқи шундаки, ушбу автомобиль водород сақловчи қутига эга эмас, – дейди “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясининг стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Сардор Тожиев. – Унда машинага водород қаердан келади, дейсизми?! Водород автомобиль ҳаракатланаётган чоғда ишлаб чиқарилади. Катализатор орқали водород ва кислород иккига ажралади. Водород кичкина бакда йиғиб борилади ва керакли миқдорда ички ёниш двигателига етказиб берилади. Натижада ҳаракатланаётган автомобиль 40 фоиз ёнилғи тежайди. Атмосферага чиқарилаётган зарарли газ миқдори 80 фоиз камаяди.
Мамлакатимиз ёшларининг робототехника йўналишида эришган ютуқлари акс этган стендлар ҳам кўпчилик эътиборини тортмоқда.
– Ўзбекистон павильонидан ўрин олган “робот конструктор”, “робот гид”, “сараловчи робот”, “робот қўл” сингари робототехника йўналишидаги янгиликлар, замонавий технологиялар менда катта таассурот қолдирди, – дейди “Дуня” газетаси лойиҳа мутахассиси Айфер Илхан (Туркия). – Айниқса, “робот гид” билан қизиқиб қолдим. Унинг хотирасига Ўзбекистондаги тарихий обидалар, музейлардаги экспонатлар ҳақида маълумотлар юкланган. Юз қисмига кўриш камераси ўрнатилган. Муайян тарихий бино ёки экспонатга қаратсангиз бас, ўзингизни қизиқтирган маълумотга эга бўласиз. Булар талабалар томонидан яратилгани таҳсинга сазовор.
Иккинчи қаватда мамлакатимизнинг транспорт ва логистика, туризм соҳалари ҳамда озиқ-овқат, вино ва шарбат тайёрлаш саноатида эришилган ютуқлар, миллий таомларимиз намойиш этилмоқда.
Бугунги кунда дунёда миллионлаб одам тўлиқ овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошдан кечирмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини муайян турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш куннинг муҳим вазифаларидан бири саналади.
Ўзбекистон павильонидан мамлакатимизда етиштирилган сархил мевалар, полиз экинлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган.
– Бутунжаҳон кўргазмасида иштирок этиш баробарида дунё саноатида эришилган ютуқлар билан яқиндан танишиб чиқаяпмиз. Хорижлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлдик, – дейди “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бошқарма бошлиғи Баҳодир Юнусов. – Қайта тикланмайдиган энергия ресурсларини тежаш, унинг ўрнига муқобил энергия воситаларини озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига кенг татбиқ этиш, нанотехнологиялардан самарали фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш борасида янги технологияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича мамлакатимизда самарали ишлар олиб борилмоқда. Кўргазмада эришган ютуқларимизни намойиш этиш билан бирга хорижлик ҳамкорлар топиш имконига ҳам эга бўлмоқдамиз.
Остона шаҳрида “Келажак энергияси” мавзуида ўтказилаётган ЭКСПО – 2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазма жорий йилнинг сентябрь ойига қадар давом этади.
Манба: ЎзА