Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Замонавий банк хизматлари намойиши
2015-03-13 | Иқтисодиёт
"Ўзкўргазмасавдо" марказида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари "BankEXPO – 2015" VIII миллий кўргазмаси бошланди.
Мазкур кўргазма Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Банклар ассоциацияси ҳамда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мамлакатимиз молия-банк тизими барқарор ва ишончли фаолият юритиб, юқори кўрсаткичларни намоён этиб келмоқда. Бугунги кунда банклар капиталининг етарлилик даражаси 25 фоиздан ошди. Бу қабул қилинган умумий халқаро стандартлардан уч баробар ортиқни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари А.Ҳайдаров, Банклар ассоциацияси раиси С.Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимиз банк тизимини ислоҳ этиш ва эркинлаштиришга қаратилаётган изчил чора-тадбирлар иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тижорат банклари томонидан 2014 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 9 триллион сўмдан ортиқ ёки 2013 йилга нисбатан 1,3 баробар кўп, шу жумладан, 2 триллион сўмга яқин микрокредитлар ажратилди. Сўнгги беш йилда кичик бизнесни кредитлаш ҳажми қарийб 5 баробар кўпайди. Ўтган йили тижорат банкларининг инвестициявий фаолияти ҳам кенгайиб, 1 миллиард 700 миллион доллар ёки 2013 йилга нисбатан 20 фоиз кўп инвестициялар йўналтирилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда йигирма олтита банк самарали фаолият юритмоқда. Мазкур анъанавий кўргазма мижозларни кредитлаш шартлари, механизмлари ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш тартиблари, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш даражаси билан яқиндан таништиришга хизмат қилаётир. Унда барча тижорат банклари, лизинг берувчилар ассоциацияси, етакчи суғурта компаниялари, маҳаллий ва хорижий ахборот технологиялари компаниялари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан қатнашмоқда. Зеро, кўргазма мижозларнинг банкларга бўлган муносабатини шакллантириш, ишончини мустаҳкамлаш, замонавий хизмат турларини жорий этиш ва такомиллаштиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилади.
Кўргазмада "Трастбанк" хусусий акциядорлик биржа банки ўз маҳсулотлари ва хизматларини акс эттирувчи стендлари билан иштирок этмоқда. Хусусан, банк-молия муассасалари ва мижозлар ўртасидаги муносабатларни юқори поғонага олиб чиқувчи "Траст-мобайл" ахборот дастури намойиш этилмоқда.
– Мазкур хизмат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун мобиль банкнинг янги йўналишидир, – дейди "Трастбанк" хусусий акциядорлик биржа банки информацион технологиялар департаменти директори Козимжон Домашиков. – Мижозлар мобиль қурилмалари кўмагида "Траст-мобайл" хизмати орқали банкдаги ўз ҳисобварақларига осон кириб, уларни мустақил бошқариб бориши мумкин. "Траст-мобайл" хизматидан фойдаланиш учун "Трастбанк" орқали "Интернет-банк" тизимига уланиш, мазкур банк хизматидан фойдаланиш ҳақида шартнома имзолаш ҳамда дастурий таъминотни мобиль қурилмасига кўчириш ва жойлаштириб олиш зарур.
"Ипотека-банк" акциядорлик тижорат банки ҳам ҳисоб-китоб ва ҳисоботларнинг янгича ёндашувларини шакллантириш, замонавий технологиялар ҳамда услубларни жорий қилиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида изланишлар олиб бормоқда. "Ипотека-банк" ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилик бошқармаси мутахассислари ҳамкорлигида яратилган электрон қайднома тизими кўргазмада алоҳида эътироф этилди.
– Мазкур тизим орқали бюджет корхоналари ва ташкилотлари ишчи-ходимларининг ойлик иш ҳақи, унга тенглаштирилган тўловлари UzASBO (Ўзбекистон бюджет ташкилотларининг автоматлаштирилган тизими) дастури орқали банкда очилган пластик карталарга автомат тарзда кирим қилинади, – дейди "Ипотека-банк"нинг пластик карталар бошқармаси бошлиғи Улуғбек Раҳметов. – Мазкур янги тизимда иш ҳақи қайдномалари электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда Ғазначилик бошқармасидан банкка махсус ҳимояланган канал орқали жўнатилиб, мижозларнинг пластик карта ҳисобварақларига пул маблағлари автоматик равишда кирим қилинади. Бу корхона ва ташкилотлар иш ҳақи қайдномаларини банкка қоғоз ва электрон кўринишдаги шаклларини тақдим этиш учун сарфланган вақтни тежаш имконини беради. Айни пайтда ушбу янгилик 600 дан зиёд бюджет ташкилотларига жорий этилди.
"BankExpo – 2015"да бу каби янгиликлар, интерактив хизматлар, хусусан, интернет-банкинг, банк-молия муассасалари ва мижозлар ўртасидаги муносабатларни юқори поғонага олиб чиқувчи энг сўнгги ахборот дастурлари талайгина. Кўргазмада тадбиркорликни, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-режасини қўллаб-қувватлашда банклар билан кенг ҳамкорлик қилиб келаётган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, "Тадбиркор аёл", "Ҳунарманд" уюшмалари, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва бошқа бир қатор ташкилотлар ўз хизматларини намойиш қилмоқда.
– "Микрокредитбанк"нинг коллеж битирувчиларига ажратаётган сармоялари бизга жуда маъқул келди, – дейди Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежи битирувчиси Бекзод Нарзуллаев. – Коллеж битирувчилари юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтгач, банкдан энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдорида, фермер бўлиб иш бошлаганлар эса энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида 18 ойга уч фоизли кредит олишлари мумкин экан. Бизнес- лойиҳа тузиб, ана шундай имтиёзлардан фойдаланишни ўз олдимга мақсад қилдим.
Кўргазмада "Агробанк"нинг пластик карталар билан ишлаш бошқармаси томонидан тайёрланган "Чакана тўловлар янги қулайлик мобиль савдо хизмати" ҳақидаги тақдимот кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Унда мамлакатимиз иқтисодиёти учун пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда чакана тўловлар тизимини янада ривожлантиришга олиб келадиган ижобий ҳолатлар, тизимнинг қулайликлари ҳамда амалга ошириш тартиблари тўғрисида маълумотларга кенг ўрин ажратилган.
Кўргазма давомида тижорат банклари томонидан чекка ва аҳоли зич жойлашган туманларда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш микрофирмалари, деҳқон-фермерлар, ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган танловлар ғолиблари аниқланади. Уларга имтиёзли кредит ажратиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилади.
Манба: ЎзА