Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш йўлида

2017-06-09 | Спорт

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси А.Султонов ва бошқалар мамлакатимизда истиқлол йилларида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши, таълим тизимида уч босқичли узлуксиз спорт мусобақалари – "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада мусобақаларининг жорий қилиниши ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, шаҳар ва қишлоқларда замонавий спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини барпо этиш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратишда муҳим аҳамият касб этди. 

Бунинг натижасида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг қарор топиб, спортнинг оммавийлиги таъминланмоқда. Ўзбекистон спортчилари жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, мамлакатимиз спорт салоҳиятини бутун дунёга намоён қилмоқда. 

Эришилган ютуқлар ва натижалар билан бирга, соҳада мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбарининг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг долзарблиги, ўзига хос жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастурида жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган таълим муассасалари ва спорт клублари фаолиятини олимпия, миллий ва бошқа спорт турлари кесимида рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш белгилангани уларнинг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун ўзига хос асос бўлиб хизмат қилади. 

Дастур доирасида режалаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 2017-2021 йилларда жами 995,2 миллиард сўм­­дан зиёд маблағ сарфланиши назарда тутилган. Шундан 706,2 миллиард сўмдан ортиқ қисми 167 спорт иншооти, жумладан, 90 спорт мажмуаси ва 77 сузиш ҳавзасини қуриш, реконструк­ция қилиш ва капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашга йўналтирилиши белгилаб қўйилган. 

Қисқача айтганда, мазкур қарор мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етказиш, халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаради. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусхўжаев сўзга чиқди.

 

Байрам Айтмуродов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться