Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Кичик саноат зоналари – иқтисодий тараққиёт ва халқ фаровонлигининг муҳим воситаси

2017-06-09 | Иқтисодиёт

Дунё саноат харитасига теранроқ назар ташласак, замонавий технологиялар асосига қурилган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари ривожланган ҳудудлар тараққиёт тизгинининг ҳақиқий эгалари бўлаётганига гувоҳ бўламиз. Энг ажабланарлиси, бундай жойларда одатда табиий бойликлар танқис бўлишига қарамай одамларнинг турмуш фаровонлиги ҳатто минерал ресурсларга бой ўлкаларнинг ҳам ҳавасини уйғотади. Қолаверса, арзон хомашёни қимматбаҳо тугал маҳсулотга айлантириш орқали улар инсоният тамаддунида инновацион фаолиятни, иқтисодиётда янги тармоқлар пайдо бўлишини, жамиятда фаровонлик ҳамда илмталабликни рағбатлантиради.

Бундай тармоқларнинг ривожланишини ким ҳам истамайди дейсиз?! Лекин тараққиётнинг бу шакли амалга жорий этилиши, аввало, қулай муҳит, узоқни кўзлаган стратегия ва ҳар қандай қийинчиликларга қарамай танлаган йўлдан оғишмасликни талаб қиладиган мураккаб жараён эканини ҳам унутмаслик зарур. 

Ўтган асрнинг 90-йилларида биз саноатнинг бу каби тармоқлари ҳақида шундай дадил ва аниқ фикр юрита олармидик?! Шак-шубҳасиз, йўқ! Чунки ўз кўзинг билан кўрмаган, қўлинг билан ушламаган нарсалар тўғрисида равон гапириб бўладими?! 1996 йилда Андижоннинг Асакасида Жанубий Кореянинг «Daewoo» компанияси билан ҳамкорликда мутлақо янги технологияларга асосланган автомобиль заводи конвейерларидан биринчи автомобилнинг чиқиши бир томондан мамлакатимиз саноатини чуқур таркибий ўзгартириш бўйича бошланган ишларнинг амалдаги тасдиғига айланган бўлса, бошқа томондан ишлаб чиқариш ҳақидаги тасаввурларимизни буткул ўзгартириб юборди. 

Холисона айтганда, саноатнинг синоатлари қанчалик кўплигини мустақиллик йилларида теран англадик. Узоқ даврлар мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши учун аввало серҳосил ер зарур деган қараш сингдирилган халқимиз Қўнғирот сода заводи, Устюрт газ-кимё мажмуаси ва яна бошқа кўплаб замонавий саноат қувватлари қиёфасида қақраган чўлларни обод қилишнинг йўллари турфалигига гувоҳ бўлди. Энг муҳими, ушбу объектларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бугунги кучли рақобат шароитида омборхоналарга етиб бормасдан харидорларини топаётгани, кўплаб турдош корхоналар, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини рағбатлантираётгани бор гап

Дарвоқе, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, сон-саноқсиз иш ўринларининг яратилиши, энг муҳими, одамлар онгу шуурида мулкка эгалик ҳиссининг кучайиши, ишбилармонлик кайфиятининг ортиб бориши чорак аср мобайнида қадам-бақадам шакллантирилган ва ривожлантирилган кичик бизнес секторининг хизмати эканига бугун ҳеч ким шубҳа қилмайди. Статистик рақамларни четга суриб турайлик-да, ён-атрофимиздаги одамлар ҳаётига бир қур назар ташлайлик – куни кеча томорқасидаги пиёзни пуллаш билан тадбиркорлик ҳадисини олган Бозорбой бугун қўни-қўшнисининг ҳам маҳсулотларини харид қилиб, хориж билан савдо-сотиқ қилиш пайида юрганини кўрасиз. Ё ўтган йили коллежни тугатиб, дугоналарини ёнига олиб чеварлик қилаётган сингилларимиз ёинки даставвал отасининг, кейин қўни-қўшнининг эски машинасини тузатган, ҳозир автосервис очиб, профессионал хизмат кўрсатаётган тадбиркор укаларимиз кам дейсизми орамизда?! 


Кичик бизнеснинг миллий иқтисодиётдаги ўрни ва роли таҳлилчилар томонидан ҳар томонлама ўрганиб борилар экан, унинг устунликлари ва заиф жиҳатлари чуқур тадқиқ этилганини таъкидлаш зарур. Тез ўзгарувчан, ҳамиша янгиликка ўч бозор талабларини биринчилар қаторида илғаб олиб, истеъмолчига зарур товар ва хизматларни таклиф этиши баробарида таваккалчиликларни осон бошқариш, турли бўҳронлардан чапдастлик билан омон қолиш имкониятига эгалиги «кичик иқтисодиёт»нинг асосий афзалликлари ҳисобланади. 

Бу ўринда бир томондан кичик ишлаб чиқарувчиларнинг зарур инфраструктурага эга ишлаб чиқариш майдонлари билан таъминланиши, бошқа томондан улар ўртасидаги саноат кооперациясининг чуқурлашувига хизмат қилаётган кичик саноат зоналарининг (КСЗ) аҳамияти тобора ортиб бораётганини қайд этиш жоиз. Бўш турган ёинки фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар негизида барпо этилаётган КСЗлар давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шерикликнинг нодир намунаси сифатида иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, янги иш ўринлари барпо этиш, экспорт салоҳиятини оширишда қўл келмоқда. 
 
Кичик саноатнинг катта юриши

Ўтган йилларда хусусий мулкчилик шаклларини, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар мамлакатимизда 220 мингдан зиёд кичик бизнес субъектидан иборат «кичик иқтисодиёт»нинг юзага келишига имкон яратди. Дастлаб савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларини «забт этган» мазкур сектор эндиликда ишлаб чиқариш соҳаларига ҳам шиддат билан кириб келмоқда. Таққослаш учун факт: 2013 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноатдаги улуши 28 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 45 фоизга етди. 

Лекин ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш қатор мураккабликлари билан ажралиб туради. Бу ўринда биргина ишлаб чиқариш майдонини транспорт ва муҳандислик коммуникацияларига улаш кичик тадбиркор учун қанча вақт ва маблағ талаб қилишини келтириб ўтиш кифоя. «Старт» тугмаси босилгунга қадар сарфланган бундай харажатлар келгусида маҳсулот таннархида ўз изини қолдириб, охир-оқибатда мамлакат иқтисодиётининг рақобатдошлигини оширишга тўсқинлик қилувчи омиллардан бирига айланади. 

Мазкур масалага ечим топишда пойтахтимиздаги собиқ «Ўзбекқишлоқмаш» заводининг Юнусобод туманидаги ҳамда собиқ «Электромаш» заводининг Сергели туманидаги бино ва иншоотлари негизида 2013 йилда ташкил этилган «Пойтахт технопарки» тажрибаси қўл келди. Ўтган даврда технопаркнинг фаолияти бир неча марта такомиллаштирилди. Натижада 2016 йилдан эътиборан Сергели туманидаги собиқ «Электромаш» заводи ва «Файз-холдинг» корхонасининг бўш турган ишлаб чиқариш майдонлари бирлаштирилиб, ягона Сергели кичик саноат зонаси фаолият кўрсата бошлади. 

Бугун Сергели кичик саноат зонасининг бир неча йил аввал ташландиқ ҳудуд бўлганига ишониш қийин. Уч мингдан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган юздан зиёд кичик ишлаб чиқариш корхоналарида иш қайнайди. Корхоналарда ишлаб чиқарилаётган юзлаб турдаги маҳсулотлар нафақат мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудлари, балки хорижий давлатларда ҳам ўз харидорини топмоқда. 

Сергели КСЗ раҳбари М.Алиевнинг таъкидлашича, умумий майдони 20 гектардан ортиқ ҳудудда ҳар бир қарич ернинг қиймати бор. Чунки ишлаб чиқариш майдонларининг энг кам ижара тўлови ставкаси бўйича, ижарага олинган майдонда амалга ошириладиган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, тегишли коэффициентларни қўлламасдан узоқ муддатли ижарага берилиши тадбиркорларга катта қулайлик яратмоқда. Айни пайтда мавжуд корхоналар ишлаб чиқариш қувватининг ортиб бораётгани ишлаб чиқариш майдонлари, малакали ишчи-хизматчилар ҳамда муҳандислик ва транспорт коммуникацияларига бўлган талабни тобора оширмоқда. Бу КСЗ дирекциясидан муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини модернизациялаш ишларига доимий эътибор қаратишни тақозо этмоқда. 

– 2014 йил апрель ойидан иш бошлаганмиз, – дейди «General Packaging» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жаҳонгир Йўлдошев. – Имтиёзли кредит, имтиёзли жой, қолаверса, ускуналарни харид қилиш жараёнидаги имтиёзлар боис ишлаб чиқаришни қисқа вақтда йўлга қўйишга муваффақ бўлдик. Бугунги кунда ўнга яқин йигит-қиз ишлаётган корхонамизда маҳаллий хомашё асосида маҳсулотларни қадоқлашда зарур бўладиган картон қутилар ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказиб берилмоқда. 

– Тез кунда хориждан янги дастгоҳлар олиб келинади, – дейди «Eco Plast Product» корхонаси директори Ҳасан Дадабоев. – Биз ишлаб чиқараётган маҳсулот – зангламайдиган қувурлар ҳозирги вақтда асосан хориждан келтирилмоқда. Шу боис корхонамиз ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич ошириб борган ҳолда маҳаллий истеъмолчиларни сифатли ва арзон маҳсулот билан таъминлашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бунинг самарасида корхонамиздаги иш ўринлари сони йигирматага етади. 

Маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳисобидан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантиришда кичик саноат зоналарининг ўрни салмоқли бўлмоқда. Сергели кичик саноат зонаси ҳам бундан мустасно эмас. 

– Мамлакатимиз тўқимачилик саноати шиддат билан ривожланмоқда, – дейди «King Garment Textile» корхонаси раҳбари Илҳом Эшмирзаев. – 2016 йил август ойида Сергели кичик саноат зонасидаги фойдаланилмаётган бино ва иншоотларни ижарага олдик. 5 миллиард 500 миллион сўмдан зиёд инвестиция ҳисобига бино ва иншоотлар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, замонавий тўқув дастгоҳлари ўрнатилди. Жорий йил январидан бошлаб трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 600 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. 

Корхона хомашёнинг асосий қисмини маҳаллий бозордан олгани ҳолда тайёр маҳсулотнинг 70 фоиздан зиёдини хорижга экспорт қилмоқда. Ишлаб чиқариш бошлангандан бери Россия, Қозоғистон ва Тожикистонга 400 минг долларлик трикотаж маҳсулотлари етказиб берилгани корхона экспорт салоҳиятининг юқорилигидан далолат беради. 

Сергели КСЗда шаҳар ва туман ҳокимлиги, назорат органлари масъуллари билан ўтказилаётган доимий учрашувлар бу зоналарнинг тадбиркорлик субъектлари ва давлат идоралари ўртасидаги мулоқот майдони вазифасини ҳам бажараётганини кўрсатади. 
 
Аввал учта, энди саккизта

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар бир хонадонга тадбиркорликни олиб киришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда тадбиркор учун зарур маблағ, билим ва кўникма, ер майдонлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларнинг аҳамияти салмоқли бўлмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 майдаги «Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори пойтахт ишбилармонларининг фаолиятини янада ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳридаги мавжуд учта кичик саноат зонаси қаторига яна бешта КСЗ қўшиладиган бўлди. 

– Мазкур ҳужжат нафақат биз сингари КСЗ имтиёзларидан фойдаланиб келаётган тадбиркорлар, балки қулай ва арзон ишлаб чиқариш майдонига эга бўлмаган корхоналар учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очди, – дейди «Nexus» корхонаси раҳбари Баҳром Асқархўжаев. – Биргина КСЗдаги тадбиркорлар учун Кафолат жамғармасининг таъсис этилиши бизнинг кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятимизни бир неча бараварга оширади. Бу ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги маҳсулотлар, янги иш ўринлари яратилиши деганидир. 

Мухтасар айтганда, ўтган йилларда йирик саноат тармоқларини ривожлантириш борасида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар «кичик иқтисодиёт»нинг зарур хомашё ресурслари билан таъминланишига замин яратди. Кичик саноат зоналари фаолиятини кенгайтириш ҳамда уларнинг иштирокчиларини рағбатлантириш механизмларининг такомиллаштирилиши миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. 
 
Беҳзод Бозоров, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться