Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан учрашди

2017-06-08 | Сиёсат

Остона, 8 июнь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакир Ўрозов хабар қилади. 

ШҲТнинг Остона саммити доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан учрашди. 

Ўзбекистон ва Афғонистон халқларининг урф-одат ва анъаналари бир-бирига ўхшаш. Икки давлат ўртасида яқин қўшничилик алоқалари ўрнатилган бўлиб, турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келинмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётини ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади. 

Мамлакатимиз Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилмоқда. Қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиб келмоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ҳайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурилган. Мамлакатимиз кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилган. 

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани Афғонистонда барқарор вазиятни тиклаш борасида Ўзбекистон амалга ошираётган ишлар Афғонистонда юксак баҳоланишини таъкидлади ва миннатдорлик изҳор этди. 2016 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкентда ўтган мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этгани, саммит доирасида икки мамлакат раҳбарларининг учрашувида эришилган келишувларнинг амалга ошишидан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Темур Қурбонбоев (сурат), ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться