Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлар учун яна бир қулайлик
2017-06-08 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги “Давлатга тегишли объектларни ва активларни хусусий мулк қилиб сотишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги муҳим ҳужжатлардан биридир.
Таъкидлаш керакки, ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида қабул қилинган.
Ушбу ҳужжатга биноан инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан «ноль» харид қиймати бўйича танлов асосида сотиладиган давлат мулки объектлари, хусусийлаштириладиган кўчмас давлат мулки объектлари, шунингдек, давлат корхоналари ва хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги улушлар, фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган, ваколатли органлар ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорига кўра бузиб ташланадиган давлат мулки объектлари рўйхатлари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар бир ҳудуднинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, давлат мулки объектларини бузиб ташлаш натижасида бўшайдиган ер участкаларидан, жумладан, уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига танлов асосида бериш йўли билан ушбу майдонлардан самарали фойдаланилишини таъминлайдилар.
Манба: ЎзА