Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пeнсионерларга яна бир қулайлик
2017-06-07 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга давлат хизматлари кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсия ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Халқ банки пенсия ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли молия муассасаси қилиб белгиланди.
Айни вақтда пенсия ва нафақаларни пенсионерларнинг ўзлари истиқомат қиладиган маҳаллаларда нақд пул шаклида тарқатиш йўлга қўйилди. Мустақил ҳаракатланиш имкониятига эга бўлмаган шахслар, бетоб кишиларга пенсия ва нафақалар уйларига етказиб берилаётгани ёши улуғларимизни мамнун этмоқда.
Банк ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур йўналишда янги лойиҳа амалиётга жорий этилган. Пенсия маблағлари тарқатилиши жараёнида юзага келадиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида “ишонч телефони” хизмати ташкил этилган. Эндиликда пенсионерлар ўз пулларини олиш жараёнидаги ҳар қандай муаммо юзасидан “1106” қисқа рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар кексаларга нафақат моддий, айни пайтда маънавий-руҳий мадад бўлаётир.
Манба: ЎзА