Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХМТ вакиллари: Ўзбекистон билан намунали ҳамкорлик
2017-06-06 | Жамият
2017 йил 5 июнь Женева шаҳрида Халқаро меҳнат конференциясининг (ХМК)106-сессияси ўз ишини бошлади.
Мазкур тадбирда Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Абдухакимов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Б.Махмадалиевлардан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Сессия доирасида Ўзбекистон делегацияси Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Минтақавий бюроси директори Хайнц Кёллер, ХМТ бош директори маслаҳатчиси Кари Тапиола ва меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюро директори Мари Андре билан учрашув ўтказишди.
ХМТ вакиллари Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича Давлат дастурини амалга оширилиши, халқаро стандартларга мувофиқ меҳнат нормаларини тадбиқ этилиши, ХМТнинг эксперт-техник кўмаги ёрдамида мониторинг олиб бориш ва ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида меҳнат шароитларини ўрганиш соҳасида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо беришди.
2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳа бешта устувор йўналишлардан бири сифатида қабул қилинганлиги, бу эса ХМТнинг энг муҳим принцип ва мақсадлари билан ҳамоҳанг эканлиги алоҳида қайд этилди.
Халқаро ташкилот вакиллари Ўзбекистоннинг ХМТ конвенциялари ва тавсияларини шунингдек, республиканинг ХМТ билан ҳамкорлик механизмларини ҳаётга тадбиқ этиши ташкилотга аъзо бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиши, қолаверса Ўзбекистондаги ижтимоий ҳамкорларнинг мувофаққиятли уч томонлама алоқаларини турли халқаро майдонларда ва халқаро тадбирларнинг минбарларида намуна сифатида намойиш қилиш лозимлигини билдиришди.
Ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, аҳоли, хусусан хотин-қизлар бандлиги шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоясига қаратилган икки томонлама ҳамкорликни кенгаштириш юзасидан билдирилган фикрларга розилик билдирилди.
Ҳамкорликнинг ҳозирги ижобий ривожланиш суръатини келгусида ҳам қўллаб-қувватлаш ҳамда ХМТ конвенцияларини амалга оширишнинг аниқ чораларини давом эттириш бўйича келишувга эришишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги